Олтиариқлик Икромжон Мирзаев фақат сабр ва интизом ила инсон иродаси нималарга қодир эканини исботлаб келмоқда. У барча нарсани ўзгартирган бир кунда — саккиз ёшида қандли диабет ташхисини эшитган. Бу ҳар қандай бола учун оғир синов эди. Аммо Икромжон бу синовдан чўчимади.
Орадан ярим аср ўтди. 55 йилдирки у диабет билан курашиб яшайди, аммо ҳеч бир асоратсиз. Кўзи нурли, оёқлари тетик, буйраклари соғ.
Бу – ўз вақтидаги интизом, шифокор тавсияларига садоқат ва ҳаётга муҳаббат натижасидир. У ҳеч қачон табибларга югурмади, шубҳали “даволаш” усулларига ишонмади. Унга ишонч ва интизом ёрдам берди.
Фарғоналик Амриддин Абзалов ҳам шундай фидойи инсонлардан бири. 49 йилдан буён у диабет билан яшаб келмоқда, аммо бу хасталик унинг руҳини синдира олмаган. У соғломлар қаторидан, ҳар куни шукр билан яшайди.
Бугун улар ҳақиқий қаҳрамонлар. Улар ҳаётга муҳаббат, сабр ва интизом рамзидир. Икромжон Мирзаев ва Амриддин Абзаловнинг иродаси халқаро эътирофга сазовор бўлди – куни кеча Тошкентда ўтган Эндофорум тадбирида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров уларга Жослин медалини топширди. Қолаверса, уларнинг доимий шифокори, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали мутахассиси Олимжон Холбековга миннатдорчилик билдирди.


Маълумотларга кўра, бундай эътироф мамлакатимизда фақат фарғоналикларга насиб этган. Бу нафақат шахсий ютуқ, балки Фарғона вилояти тиббиёт соҳасида соғлом турмуш тарзи ва диабет профилактикаси йўналишида тўғри ҳаракат қилиниётганининг яққол далилидир.
Мазкур самимий байрамона онларда медаллар кўкракларига тақиб қўйилганида, ҳамма бир ҳақиқатни ҳис қилди:
диабетни енгиш мумкин, агар инсон ўз иродасига ишонса!
——-
Жослин медали — диабет билан курашувчи фидойилар учун ягона мукофот
Жослин медали — инсулинотерапияда бўлган ҳолда қандли диабет билан узоқ йиллар ва матонат билан яшаган инсонларга бериладиган, дунёда ягона мукофот ҳисобланади. Бу мукофот илк бор 1948 йилда эндокринолог Эллиот Проктор Жослин ташаббуси билан таъсис этилган. Унинг номи билан АҚШнинг Бостон шаҳрида жойлашган энг йирик диабет тадқиқот марказларидан бири аталади.
Жослин медали дастури диабетни самарали назорат қилиш, касалликнинг кеч асоратларини камайтириш ва беморларнинг умр давомийлигини оширишга рағбат сифатида йўлга қўйилган.
Аввалига медаль инсулинотерапияда 25 йил яшаган инсонларга бериларди. Кейинчалик диабетни бошқариш бўйича илмий билимлар кенгайиб, беморларнинг умр кўриш даври сезиларли ошгани сабабли, 25 йиллик тажриба учун фақат сертификат тақдим этила бошланди.
1970 йилдан эътиборан эса диабет билан 50 йил яшаганларга бронзадан ясалган махсус медаль берилади. Вақт ўтиши билан диабет билан узоқ умр кўрганлар сони ортиб борди:
- биринчи 75 йиллик медаль 1996 йилда,
- биринчи 80 йиллик медаль эса 2013 йил май ойида топширилган.
Жослин диабет маркази ўз тарихида 5000 дан ортиқ 50 йиллик, 90 дан зиёд 75 йиллик ва 10 дан зиёд 80 йиллик медалларни тақдим этган.
Бугунги кунда мазкур дастур бутун дунё бўйлаб амал қилмоқда. Медаль соҳиблари Австралия, Бельгия, Бразилия, Канада, Англия, Финляндия, Венгрия, Япония, Нидерландия, Покистон, Филиппин, Россия, Жанубий Америка, Испания, Швеция ва Швейцария каби давлатларда яшайди.