Тиббиёт тизимидаги камчиликлар танқид қилинди

Бугун Қувасой шаҳри, Олтиариқ ва Риштон туманларида тиббиёт тизими ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинган танқидий йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, вилоят прокурори ўринбосари Отабек Тошматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи в.б. Рамзбек Ўтабоев, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда даволаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Рамзбек Ўтабоев ўрганиш натижалари бўйича ахборот берди. Қувасой, Олтиариқ ва Риштонда тиббий хизматни ташкил этиш, дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминоти, санитария ҳолати, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий ҳужжатларни юритиш ҳамда ходимлар масъулияти билан боғлиқ қатор камчиликлар қайд этилди.

Хусусан, Олтиариқ тумани туғруқхонасида айрим дори воситалари ва сарфлов материаллари захираси етарли эмаслиги, кутиш жойларида ўтириш ўринлари камлиги ва ободонлаштириш ишлари талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Айрим камчиликлар шу куннинг ўзида бартараф этилди.

Қувасой шаҳрида эса муаммолар янада кенг кўламда экани қайд этилди. Марказий шифохонанинг болалар бўлимида 2026 йилнинг биринчи ярмида гўдаклар ўлими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошгани қайд этилди. Шунингдек, шошилинч қабул бўлимида триаж тизими, дори таъминоти ва DMED тизимини юритишда камчиликлар, айрим бўлимларда санитария-гигиена талабларига риоя этилмаётгани танқид қилинди.


Йиғилишда беморларга ажратилган ваучерлардан фойдаланишда ҳам камчиликлар борлиги қайд этилди. Айрим йўналишлар бўйича ваучерлар беморларга тўлиқ етказилмаган, трансплантация учун ажратилган ваучерлар ижроси ҳам қониқарли эмас. Айрим ҳудудларда бу борадаги ҳисоботлар тўлиқ юритилмаётгани танқид қилинди.

Риштон туманида ҳам тиббий хизматни ташкил этишдаги айрим камчиликлар ва ходимларнинг хизмат вазифаларига масъулиятсиз ёндашиши танқид қилинди.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва берилган топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

———————