Kulganda, aksirganda siydik chiqib ketsa…

Аёлларда учрайдиган сийдик тутолмаслик нафақат саломатлик, балки ҳаёт сифатига ҳам таъсир кўрсатади. Айримлар бу ҳолатни туғруқдан кейинги ўзгариш ёки ёш ўтиши билан боғлиқ табиий жараён деб қабул қилиб, йиллар давомида шифокорга мурожаат қилмайди. Ҳолбуки, замонавий тиббиётда уни даволашнинг бир нечта усули мавжуд. Фарғонада ҳам бу муаммони ҳам даволаш, ҳам жарроҳлик йўли билан бартараф этиш имконияти йўлга қўйилган.

Бу қандай касаллик?

Югурганда, сакраганда, оғир юк кўтарганда, ҳатто қаттиқ кулганда ёки аксирганда сийдик чиқиб кетиши тиббиётда стресс типидаги сийдик тутолмаслик (Stress Urinary Incontinence — SUI) деб аталади. Бу ерда «стресс» сўзи руҳий ҳаяжонни эмас, жисмоний босимни англатади.

Одам аксирганда ёки кулганда қорин бўшлиғидаги босим ортади. Соғлом ҳолатда чаноқ туби мушаклари ва сийдик чиқариш йўлини ёпиб турувчи сфинктер ушбу босимга дош беради. Аммо бу мушаклар заифлашган ёки таянч фаолияти бузилган бўлса, қовуқдаги сийдикнинг бир қисми ташқарига чиқиб кетади.

Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали шифокори Жаҳонгир Камолдинов тақдим этган маълумотларга кўра, бундай ҳолатнинг келиб чиқишида бир нечта омил иштирок этади. Ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнида чаноқ туби мушакларининг чўзилиши ёки шикастланиши, такрорий туғруқлар, ёшга боғлиқ ўзгаришлар, менопауза, ортиқча вазн, сурункали йўтал кабилар шулар жумласидан.

Жаҳонгир Камолдинов.

Сийдик тутолмаслик фақат аёлларга хос эмас. Эркакларда ҳам, айниқса, простата бези саратони сабабли ўтказилган операциялардан кейин бундай ҳолат кузатилиши мумкин.

Ҳамма ҳолатнинг давоси бир хил эмас

Мутахассислар сийдик тутолмасликнинг уч асосий клиник турини фарқлайди.

Стресс типида сийдик жисмоний зўриқиш пайтида чиқиб кетади. Шошилинч типда эса одам тўсатдан кучли сийиш эҳтиёжини ҳис қилади ва ҳожатхонага етиб боргунча сийдикни ушлаб тура олмайди. Бу қовуқнинг ортиқча фаоллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аралаш типда ҳар икки ҳолат бир вақтда кузатилади.

Бу фарқни аниқлаш муҳим. Чунки касалликнинг ҳар бир турида даволаш тактикаси ҳам ўзгаради. Масалан, слинг операцияси сийдикнинг жисмоний зўриқиш пайтида чиқиб кетишини бартараф этишга қаратилган. Аммо аралаш типдаги беморда тўсатдан сийиш истаги ҳам сақланса, уни алоҳида даволаш талаб қилинади.

Ташхис тўғри бўлса, даволаш ҳам самарали бўлади

Аввало, беморнинг шикоятлари, касаллик тарихи ва жисмоний ҳолати ўрганилади. Сийиш кундалигини юритиш орқали сутка давомида сийиш сони, суюқлик истеъмоли ва сийдик чиқиб кетиш ҳолатлари қайд этилади.

Шифокор чаноқ туби мушакларининг ҳолатини баҳолайди, йўтал синамаси орқали сийдик чиқиб кетишини аниқлаши мумкин. Зарур ҳолларда сийдик таҳлили, ультратовуш текшируви, қовуқда қолдиқ сийдик миқдорини ўлчаш ва урофлоуметрия ўтказилади. Мураккаб ҳолатларда уродинамик текширув ҳам талаб этилади.

Европа урология ассоциациясининг амалдаги клиник қўлланмасида стресс типидаги сийдик тутолмасликда беморнинг касаллик тарихи ва жисмоний кўрик билан бирга стандартлаштирилган йўтал синамасини ўтказиш тавсия этилган. Бунда ҳар бир беморга бир хил текширувлар тўпламини қўллаш шарт эмас.

Кегель машқларидан тортиб жарроҳликкача

Сийдик тутолмасликни даволашда биринчи навбатда консерватив усуллар қўлланади.

Улардан бири — Кегель машқлари. Бунда чаноқ туби мушаклари махсус тартибда қисқартилиб, бўшаштирилади. Мунтазам ва тўғри бажарилган машқлар мушакларни мустаҳкамлаш, сийдикни ушлаб туриш қобилиятини яхшилашга ёрдам беради.

Европа урология ассоциацияси ҳамда Буюк Британиянинг NICE клиник тавсияларида стресс ёки аралаш типдаги сийдик тутолмасликда камида уч ой давомида мутахассис назоратида чаноқ туби мушакларини машқ қилдириш биринчи босқич даволаш усули сифатида белгиланган.

Cochrane халқаро илмий ҳамкорлиги ўтказган тизимли таҳлилда ҳам Кегель машқларининг самарадорлиги тасдиқланган. Унда машқ бажарган аёллар муаммо бартараф бўлганини билдириш эҳтимоли машқ бажармаганларга нисбатан саккиз баравар юқори бўлгани қайд этилган.

Физиотерапия ҳам даволаш жараёнида қўлланади. Унда махсус машқлар, айрим ҳолларда биологик қайта алоқа аппаратлари ва электр стимуляциясидан фойдаланиш мумкин. Бундай муолажалар, айниқса, бемор чаноқ туби мушакларини тўғри қисқартиришни ўрганиши учун ёрдам беради.

Агар консерватив усуллар етарли натижа бермаса, жарроҳлик амалиёти масаласи кўриб чиқилади.

Фарғонада 2022 йилдан буён 50 га яқин операция

Шифохонада стресс типидаги сийдик тутолмасликни жарроҳлик йўли билан даволашнинг замонавий усулларидан бири — TVT-O амалиёти 2022 йилдан йўлга қўйилган.

Жаҳонгир Камолдиновнинг маълум қилишича, шу вақтга қадар филиалда 50 нафарга яқин беморда мазкур операция бажарилган.

Унинг қўшимча қилишича, сийдик тутолмаслик аниқланиши билан беморга дарҳол операция таклиф қилиш тўғри эмас. Аввало касалликнинг тури, келиб чиқиш сабаби ва даражасини аниқлаш, консерватив даволаш имкониятларини баҳолаш зарур. Жарроҳлик эса тегишли кўрсатмалар бўлганда танланади.

TVT-O — трансобтуратор слинг амалиёти. Унда махсус полипропилен тасма сийдик чиқариш йўли остига ўрнатилади ва чаноқ суягининг обтуратор йўналиши орқали ўтказилади. Тасма уретрани қўллаб-қувватлаб, қорин ички босими ошган пайтда сийдикнинг беихтиёр чиқиб кетишини бартараф этишга хизмат қилади.

Бу усулнинг қов суяги ортидан бажариладиган анъанавий TVT операциясидан фарқи тасманинг ўтказилиш йўналишида.

Жаҳонгир Камолдинов тақдим этган илмий-клиник маълумотларга кўра, таҳлилга киритилган беморларнинг барчасида TVT-O операцияси бажарилган. Уларнинг деярли барчасида тўлиқ ижобий клиник натижа қайд этилган.

Қолган ҳолатларда турлича клиник манзара кузатилган.

Аралаш типдаги сийдик тутолмаслик билан операция қилинган бир нафар беморда жисмоний зўриқиш пайтида сийдик чиқиб кетиши, яъни стрессли компонент тўлиқ бартараф этилган. Бироқ шошилинч сийиш эҳтиёжи сақланиб қолгани сабабли бу ҳолат консерватив даволаш орқали назорат қилинмоқда.

Яна бир беморда операциядан кейин сийиш қийинлашган. Тегишли чоралар натижасида бу муаммо бартараф этилган. Ҳозирда беморнинг аҳволи яхши.

Операциядан кейинги кузатув ҳам эътибордан четда эмас. Бемор бир ой ўтгач қайта кўрикка чақирилади. Шунингдек, бир йилгача улар билан алоқада бўлиниб, саломатлиги ва муолажа натижалари ҳақида маълумот олиб турилади. Қўшимча шикоятлар пайдо бўлса, бемор мутахассисга қайта мурожаат қилиши мумкин.

Бу рақамлар маҳаллий амалиётнинг дастлабки клиник натижаларини кўрсатади. Бироқ 26 нафарлик таҳлил гуруҳидаги натижани барча беморлар учун кафолатланган самарадорлик деб талқин қилиш тўғри эмас.

Дунё урологиясида қайси усул афзал?

TVT ва TVT-O операциялари дунёда ҳам кенг ўрганилган. Cochrane халқаро илмий ҳамкорлигининг 81 та тадқиқот ва 12 113 нафар аёл маълумотларини қамраб олган таҳлилида икки усулнинг қисқа муддатли самарадорлиги бир-бирига яқин экани кўрсатилган.

Бироқ уларнинг хавфлари фарқ қилади: қов суяги ортидан тасма ўрнатиладиган TVTда қовуқ шикастланиши ва операциядан кейин сийиш қийинлашиши хавфи юқорироқ. TVT-Oда эса чов ва сон соҳасида оғриқ кузатилиши эҳтимоли кўпроқ.

Европа урология ассоциацияси қўлланмасида ретропубик TVT усулининг узоқ муддатли самарадорлиги трансобтуратор усулга нисбатан юқорироқ экани қайд этилган. Буюк Британиянинг NICE тавсияларида эса трансобтуратор усулни одатий тартибда таклиф этмаслик, уни фақат ретропубик ёндашувдан қочиш учун муайян клиник сабаблар мавжуд бўлганда кўриб чиқиш белгиланган.

Демак, TVT-Oни барча ҳолатда энг яхши ёки мутлақо хавфсиз усул деб бўлмайди. Операция тури беморнинг ҳолати, анатомик хусусиятлари, аввалги муолажалари ва эҳтимолий хавфлар ҳисобга олинган ҳолда танланиши керак.

Олимлар изланишда давом этмоқда

Сийдик тутолмасликни даволаш бўйича илмий изланишлар ҳам давом этмоқда. Сўнгги йилларда телемедицина, машқларни индивидуаллаштириш ва чаноқ туби мушаклари фаолиятини тиклашга қаратилган тадқиқотларга қизиқиш ортган.

Масалан, 2026 йил апрель ойида International Urogynecology журналида Бразилия олимларининг 50 нафар аёл иштирокида ўтказган рандомизацияланган тадқиқоти чоп этилди. Унда чаноқ туби мушакларини мустаҳкамлаш машқларини телемедицина орқали ўргатиш имкониятлари ўрганилган.

12 ҳафталик кузатув натижаларида масофадан туриб машқ бажарган гуруҳда сийдик тутолмаслик белгилари, ҳаёт сифати ва даволашдан қониқиш кўрсаткичлари назорат гуруҳига нисбатан яхшироқ бўлган. Бу мутахассис назоратидаги машғулотларни масофадан ташкил этиш ҳам мумкинлигини кўрсатади.

Яна бир янгилик: 2026 йил 15 октябрда шу журналда Пилатес машғулотлари билан чаноқ туби мушакларини махсус машқ қилдириш қиёсланган тадқиқот эълон қилинди. Унда 105 нафар аёл уч гуруҳга ажратилиб, олти ҳафта давомида 12 та назоратли машғулот ўтказилган.

Натижада айнан чаноқ туби мушакларини махсус машқ қилдириш Пилатес дастурига нисбатан сийдик тутолмаслик белгиларини камайтириш ва мушаклар фаолиятини яхшилашда самаралироқ бўлган.

Бу натижа умумий жисмоний машқлардан кўра муаммога мўлжалланган махсус машқларнинг аҳамиятини кўрсатади.

Муаммони яшириш эмас, даволаш керак

Сийдик тутолмаслик аёлнинг кундалик ҳаёти, иш фаолияти, жисмоний машғулотлари ва руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Айримлар бу муаммо туфайли спортдан, саёҳатдан ёки одамлар даврасида эркин бўлишдан воз кечади.

Энг муҳими, бундай ҳолатни ёш ўтиши билан боғлиқ муқаррар жараён деб қабул қилмаслик керак. Замонавий тиббиётда унинг тури ва оғирлик даражасига қараб машқлар, физиотерапия, дори воситалари ва жарроҳлик муолажаларидан фойдаланиш имкониятлари бор.

Шу боис дастлабки белгилар пайдо бўлганда мутахассисга мурожаат қилиш, ташхисни аниқлаш ва даволашни кечиктирмаслик лозим.