Фарғонада эндокрин касалликлар бўйича вазият таҳлил қилинди

Фарғона шаҳрида вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда эндокринолог мутахассислар иштирокида эндокрин касалликлар бўйича мавжуд эпидемиологик вазият, соҳадаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Таҳлилий тақдимотни Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Анвар Алимов тақдим этди. Унда Фарғона вилоятида эндокринологик хизматни 2026–2030 йилларда ривожлантириш стратегияси, соҳанинг норматив-ҳуқуқий асослари, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорлик ва мутахассисларнинг касбий малакасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимотда қандли диабетнинг тарқалиш динамикаси ҳам таҳлил қилинди. Қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоятда қарийб 49 минг нафардан ортиқ бемор диспансер ҳисобида туради. Шу билан бирга, халқаро экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, қандли диабетнинг ҳақиқий тарқалиш кўрсаткичи расмий статистикага нисбатан 2–3 баробар юқори бўлиши мумкин.

Таъкидланганидек, беморлар сонининг ортиши фақат касалликлар кўпайиши билан эмас, балки аҳоли ўртача ёшининг ошиб бориши, семизликнинг кенгайиши, жисмоний фаолликнинг камайиши, овқатланиш тартибининг ўзгариши, эрта диагностика имкониятларининг яхшиланиши ҳамда аҳоли умр давомийлигининг узайиши билан ҳам боғлиқ.

Йиғилишда қандли диабет асоратлари, уларнинг олдини олишда диспансер назоратининг аҳамияти, беморларни дори воситалари билан таъминлаш тизими ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 382-сон қарори доирасида беморларни дори воситалари билан таъминлаш, тиббий реактивларга бўлган эҳтиёж ҳамда диабетик оёқ синдроми оқибатида юзага келадиган ампутациялар сонини камайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан реанимацион ёрдам самарадорлигини ошириш, тез тиббий ёрдам бригадаларини глюкометр ва тест-полоска билан тўлиқ жиҳозлаш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, қалқонсимон без касалликлари тарқалиши, туғма гипотиреозни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш, болаларда паст бўйлик синдромини ўз вақтида ташхислаш ҳамда даволаш муассасалари олдида турган устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Йиғилиш якунида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари Севара Фахрутдинова соҳада жорий этилаётган рақамли платформадан самарали фойдаланиш бўйича иштирокчиларга амалий кўрсатмалар берди.