Фарғонада соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари Шоҳруҳ Шораҳметов ва Умида Газиева бошчилигида Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов олиб борди.

Мулоқот аввалида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизими фаолияти юзасидан тақдимот қилди. Унда соҳада эришилаётган натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, эндокринология соҳасида мутахассислар етишмовчилиги, мазкур йўналишдаги таҳлиллар ва таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, оналар ва болалар ўлими ҳолатлари таҳлил қилиниб, бу борадаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Хуршид Фозилов ҳам иштирок этиб, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифларини билдирди.

Қува тумани соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Равшан Исақов ҳудудда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида ахборот берди. У аҳоли ўртасида бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш маданияти шаклланиб бораётгани ва тиббий хизматга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгараётганини таъкидлади.

Мулоқот давомида Президент Администрацияси масъули Умида Газиева соҳадаги айрим камчиликлар юзасидан ўз муносабатини билдирди. Шунингдек, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳам ўз фикр ва таклифларини ўртага ташладилар.

Шундан сўнг тадбир Фарғона Expo марказида давом эттирилди. У ерда вилоятда фаолият юритаётган хусусий клиникалар раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.