Туманлардан шифо излаб Ёзёвонга келишяпти

Сўнгги йилларда Ёзёвон тумани тиббиётида катта ижобий ўзгаришлар юз берди. 2022 йилда Туманлараро қўшма шикастланишлар ва юрак-қон томир касалликлари марказининг очилиши катта воқеа бўлганди. Марказ замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, Қува, Тошлоқ, Қўштепа туманлари аҳолисига ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Республика, хориж даражасидаги ноёб операциялар ҳам марказда ўтказилиб келиняпти. Илгарилари кўпчилик ёзёвонлик беморлар қўшни шаҳар ва туманларда даволанган эди. Эндиликда камёб тиббиёт жиҳозлари борлиги ва юқори малакали шифокорлар жамоаси ташкил топгани учун бошқа шаҳар, туманлардан шифо излаб Ёзёвонга келишяпти.

Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туғуруқхона мажмуаси, маъмурий, лаборатория, болалар ва терапия биноларида реконструкция ишлари белгиланди.

Жорий йилда 12 млрд. 548 млн сўм маблағ сарфланиб, марказий шифохонанинг барча бино-иншоотлари қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туғруқ бўлимидаги хоналарга музлатгич, телевизор қўйилиб, кондиционер ўрнатилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси меҳнат жамоаси аҳиллиги туфайли “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида бир неча бор ғолиб бўлди. Натижада Иштирхон, Қатортол оилавий шифокорлик пунктлари янги қиёфа касб этди. Тиббиёт бирлашмаси моддий-техник базаси бойитилиб, беморларга шароитлар яхшиланди.

– Биз шифокорларни мамлакат етакчи даволаш марказларига уч, олти ва ўн икки ойга малака оширишга юборяпмиз, – дейди Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси бўлим бошлиғи Тошмуҳаммад Саримсақов. – Натижада энг нозик жарроҳлик амалиётини ҳам ўзимизда бажариш имкони яратилди.

Муҳаммаджон Обидов,
Муқимжон Қодиров (сурат),
ЎзА мухбирлари