Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари, туғруқхоналар раҳбарлари ва акушер-гинекологлар, шунингдек КТМП мудирлари иштирок этди. Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси масъуллари эса йиғилишга онлайн тарзда уланди.
Йиғилиш кун тартибида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда соҳага оид мавжуд муаммолар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Дурдона Устамадалиева сўзга чиқиб, тақдимот асосида сўнгги олти ойлик фаолият натижаларини таҳлил қилди.
У ўз сўзида нуқсонли болалар туғилиши ҳолатлари, оналар ўлими таҳлили, шифокор ва тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги, хусусан, Олтиариқ, Ўзбекистон, Марғилон, Учкўприк ва Қува туманларида қайд этилган оналар ўлими каби ҳолатларга алоҳида тўхталиб, улар танқид остига олинди. Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун масъулларга аниқ тавсиялар берилди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғи Бобур Примқулов сўзга чиқиб, тиббий хизматдаги ҳар бир жиҳат, ҳатто майда элементлар ҳам умумий натижага таъсир кўрсатишини таъкидлади. Масалан, тиббиёт ходимларининг ишдан ташқари вақтда ҳам формали ҳолда кўчада юриши, туғруқ бўлимларидаги ички муҳитнинг ёмонлиги, деонтология қоидаларига риоя қилинмаётгани каби масалалар мисол тариқасида келтирилди. Йиғилиш давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари Одилжон Умаров ҳам фикр билдириб, патронаж хизматлари етарли даражада самарали фаолият юритмаётгани, айрим ҳолатларда шифокорлар ва маҳаллий тиббиёт муассасалари масъуллари ўртасидаги ҳамкорлик етишмаслиги туфайли ҳолат жиддийлашганини таъкидлади.
Кейинги тақдимот Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори Озодбек Ҳайдаров томонидан ўтказилди. У филиал фаолияти, амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек қандли диабет билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида сўз юритди. У вилоятда семизлик даражаси ортиб бораётгани, беморларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишдаги камчиликлар, аҳоли ўртасида соғломлаштириш тадбирлари етарлича ташкил этилмаётгани, ҳатто 1 кунлик кузатув стационарининг натижаси қониқарсиз эканини таъкидлади.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори Камолиддин Раҳмонов ўз тақдимоти орқали юрак-қон томир касалликларининг ўсиш динамикаси, ҳукумат қарори асосида амалга оширилган имтиёзли жарроҳлик амалиётлари, 7 ой давомида икки юздан ортиқ ҳудудларга чиқилгани, тиббий кўриклар ўтказилганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, ушбу жараёнда кузатилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ҳам билдирилди. 9 нафар мутахассис хорижда амалиёт ўтаб қайтгани ва улар орттирган тажрибаларни амалиётга жорий этаётгани таъкидланди.
Йиғилишда бошқарма мутахассиси Донёр Болтабоев ҳам иштирок этиб, давлат бюджети ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилаётган имтиёзли тоифадаги шахсларга берилаётган хизматлар ҳолати юзасидан таҳлилий тақдимот ўтказди. У муаммоларни атрофлича ёритиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар берди.
Бундан ташқари, бошқарма бошлиғининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари в.б. Сайёдбек Тожиматов томонидан “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастурининг вилоятдаги ижроси бўйича ахборот берилди. Унга кўра, Ёзёвон, Фурқат туманлари, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида дастур доирасида фаоллик юқори баҳоланди. Бироқ Учкўприк, Данғара, Риштон ва Сўх туманларида паст ижро даражаси қайд этилди.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи Бобур Примқулов туғруқхоналарда шаффофликни таъминлаш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, патронаж хизматларини кучайтириш, хавфли касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклади.