“Халқаро гепатитга қарши кураш куни” муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди

28 июль – Халқаро гепатитга қарши кураш куни. Бу кун гепатит вирусли касаллигига қарши курашиш, касаллик ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш ва касалликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш учун белгиланган.

Шу муносабат билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида давра суҳбати ва амалий тадбирлар ташкил этилди. Унда  шифокорлар, даволанаётган беморлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни шифохона бош шифокори Султонали Бойигитов очиб берди. У ўз сўзида гепатит касалликлари — айниқса, В ва С турлари — инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши, уларнинг юқиш йўллари ва кечиши ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, ҳукумат ва соҳа раҳбарлари томонидан беморлар учун яратилаётган имкониятлар, бепул даволаш ва дори-дармон таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шифокорлар касалликдан сақланиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, шубҳали донор қонини қабул қилмаслик, махсус эмлашдан ўтиш, стерил бўлмаган асбоб-ускуналардан фойдаланмаслик кераклигини алоҳида таъкидлашди.

03
05
04
02
06
01
07
09
08
010

Тадбирда иштирок этган беморлар ҳам сўзга чиқиб, шифохонада кўрсатилаётган тиббий хизматлардан мамнун эканликларини билдирди. — Шифохонага келганимга бир ҳафта бўлди. Овқатланиш ва барча тиббий хизматлар бепул, — дейди Қувасой шаҳридан келган бемор Шоира Иноятова. —Ҳар куни ўзимни яхшигина сезмоқдаман. Бу ердаги шифокор ва ҳамшираларнинг муносабати, ғамхўрлиги инсонни руҳан ҳам даволайди. Ўзимни бемор деб ҳам ҳис қилмаяпман. Чин қалбимдан миннатдорчилик изҳор қиламан.

ОАВ вакиллари шифохона қошидаги гепатологик марказ фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Бу ерда беморларга қулайлик яратиш мақсадида кутиш зали, фитобар, диагностик хизматлар ташкил этилган. 50 дан зиёд таҳлил турлари ўтказиш имконияти бор. Марказда замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар фаолият юритмоқда.

Энг муҳим жиҳатлардан бири — президент қарори ижроси доирасида марказ орқали сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларга давлат ҳисобидан бепул дори воситалари тарқатилаётганидир. Жорий йил бошидан бери 733 нафар беморга жами 2 170 дона «Sofosbuvir-400 mg» ва «Daclatasvir-60 mg» дори воситалари етказилган.

Гепатитга қарши кураш — фақат шифокорларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Ахборотдан бохабарлик, профилактик тадбирларда фаол иштирок, тўғри турмуш тарзи ва вақтинча текширувлар орқали бу касалликнинг олдини олиш мумкин.

Соғлом ҳаёт — ҳар бир инсон танлови бўлиши керак.