Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида “Нейроэндокрин касалликларини даволаш ва профилактикаси” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда шаҳар ва туман шифохоналарида фаолият юритаётган эндокринология соҳаси мутахассислари — эндокринолог шифокорлар иштирок этди.
Семинарни тажрибали мутахассис, нейроэндокринолог Дилором Холова олиб борди. Тадбир иштирокчиларига нейроэндокрин тизим касалликларининг замонавий ташхис ва даволаш усуллари, шунингдек, профилактика чоралари ҳақида амалий ва назарий маълумотлар берилди.
Семинар давомида Президентнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли қарори мазмун-моҳияти ва унинг амалиётдаги аҳамияти алоҳида муҳокама этилди.
Тадбир сўнгида 10 нафардан ортиқ нейроэндокрин беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди ва зарур маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва савол-жавоблар орқали билимларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.