Фарғона вилоятида “Янги туғилган чақалоқларга респиратор ёрдам ва интенсив даволаш” мавзусида халқаро даражадаги тренерлар иштирокида туғруқ муассасалари шифокорлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Тренингларда ҳар бир туғруқхона муассасасидан неонатологлар жалб этилди.
Улар сунъий ва ноинвазив нафас бериш ускуналаридан самарали фойдаланиш, респиратор қўллаб-қувватлашда тўғри режимларни танлаш ҳамда нафас аппаратлари параметрларини бошқариш каби долзарб йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишди. Машғулотлар назарий ва амалий тарзда ўтказилди.
Мазкур тренингларни Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали раҳбарининг ўринбосари Умида Қосимова ҳамда шифокорлар М. Вахабова ва Б. Искандаровлар амалга оширишган. Айни пайтда мазкур мутахассислар Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳам шундай ўқув машғулотларини давом эттирмоқда.
Тренинглар Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ҳамкорлигида, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ЮНИСЕФ кўмагидаги “Ишонч – 2030” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Шунингдек, улар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ўртасидаги 2021–2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури ва ҳамкорлик режасига мувофиқ ўтказилди.
Бу каби тренинглар туғруқ муассасаларида кўрсатилаётган неонатологик ёрдамнинг сифатини халқаро стандартларга яқинлаштириш, чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолишда шифокорларнинг амалий маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.