Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида назорат-таҳлил ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Президентнинг 2025 йил 19 майдаги 185-сон “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилмоқда.
Шу мақсадда, Фарғона вилоят прокурори ўринбосари Отабек Тошматов раҳбарлигидаги гуруҳ Қува туманидаги тиббиёт муассасаларида ўрганиш ишларини олиб борди.
Улар томонидан “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” лойиҳаси доирасидаги амалий ишлар, шифохоналарда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, локал тармоқлар тортиш, тиббиёт муассасаларини интернетга улаш ва ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш жараёнлари, рақамлаштириш ишлари ва электрон хизмат кўрсатиш имкониятлари каби масалалар билан яқиндан танишилди.
Ўрганиш якунлари бўйича айрим масканларда мавжуд инфратузилмавий ва ташкилий муаммолар қайд этилди. Уларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига янада сифатли ва қулай тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.