Бугун юртимизда малакали тиббий хизматнинг ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонгача кириб боришини таъминлаш, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, вилоятнинг энг малакали мутахассислари, етакчи шифокорларидан иборат махсус гуруҳ вилоятнинг 19 та ҳудудига бўлинган ҳолда шаҳар ва туманларда аҳолининг касалланиш структураларини ўрганиш мақсадида кенгайтирилган ва илмий асосланган тиббий кўриклар ўтказмоқда.
Шунингдек, тиббиёт муассасалари фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриляпти.
Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг бир неча ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан учрашмоқда.
Яқинда бошқарма бошлиғи Данғара туманидаги “Тайпоқ” МФЙда вилоят ва туман тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари иштирокида ташкил этилган тиббий кўрик жараёни билан танишиб, беморлар дардига қулоқ тутди.
Суҳбат давомида халқнинг соғлиқни сақлаш соҳасидан, бугунги ислоҳотлардан розилик кайфияти билан қизиқди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож беморларга зарур кўмак кўрсатиш бўйича масъулларга керакли кўрсатмалар берди.
Шу куни 27-оилавий поликлиникада ўтказилган кўрикда ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 161 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланганларга амбулатор ва стационар даволанишга йўлланмалар берилди. Шифокор тавсияларига кўра, поликлиникада мавжуд 53 турдаги дори-дармонлар бепул тарқатилди. Жараён давом этади.