1991 йил 14 февраль. Ўзбекистон ҳаётида янги давр бошланиши арафасида Умиджон Абдуллаев дунёга келди. Бугун у мустақиллик тенгдоши бўлган авлод вакили сифатида Фарғона тиббиётида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган шифокорлардан.
Айни пайтда Умиджон Абдуллаев Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида бўлиб, туғма юрак нуқсонларини аниқлаш, фетал ва неонатал кардиология йўналишида фаолият юритмоқда.
Оддий оилада тарбия топган Умиджоннинг отаси тадбиркор, онаси уй бекаси. 2016 йилда шифокорлик касбини танлаган ҳамкасби билан оила қурди. Айни пайтда улар икки ўғил ва бир қиз фарзандни тарбияламоқда. Турмуш ўртоғи ҳам шифокор — неонатолог.
Умиджон 2017 йилда Андижон тиббиёт институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бошлади. Кейинчалик кардиология, айниқса, юракнинг туғма нуқсонларини аниқлаш йўналишига қизиқиши тобора ортди.
— Менимча, кардиологияга қизиқишимнинг асосий сабаби — юракнинг ўзи жуда мураккаб, шу билан бирга жуда мантиқий тизим эканида, — дейди Умиджон.
У учун бу соҳадаги энг қизиқарли жиҳат фақат касалликни аниқлаш эмас. Ҳар бир белги ортида қандай жараён турганини, юракдаги ўзгариш қон айланишига қандай таъсир қилаётганини англаш муҳим. Чунки бу ўзгаришлар кейинчалик бемор саломатлигига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Айниқса, эхокардиография Умиджон учун муҳим текширув усулларидан бири. Унинг фикрича, монитордаги тасвирда шифокор шунчаки юракни кўрмайди — унинг қандай ишлаётганини ҳам кузатади. Баъзан бир неча миллиметрлик ўзгариш ёки қон оқимидаги кичик фарқ ҳам катта клиник аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Бугун Умиджон Абдуллаев Фарғона вилоятида туғма юрак нуқсонларини аниқлаш йўналишида фаолият юритаётган мутахассислардан бири. У скрининг текширувларида иштирок этиб, айниқса, болалар ва чақалоқларда юрак нуқсонларини эрта аниқлашга ҳисса қўшмоқда.
Унинг касбий қизиқишлари орасида фетал ва неонатал кардиология, туғма юрак нуқсонлари алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишда аниқ хулоса жуда муҳим. Чунки аниқланган ҳар бир белги кейинги даволаш тактикаси, жумладан, кардиохирург учун зарур маълумотга айланиши мумкин.
Ташхис бир тақдирни ўзгартирганида
Умиджоннинг амалиётида шундай воқеалар борки, уларни оддий иш куни сифатида эслаб бўлмайди.
— Таъсирли воқеалар жуда кўп. Лекин мен учун энг қадрлиси — ҳомиладорлик даврида ҳомилани тўхтатишга кўрсатма билан келган ҳолатлар, — дейди у.
Бугун Умиджон ўз исмини олган тўрт нафар болани билади. Уларнинг энг каттаси тўрт ёшга кирган. Бу болаларнинг барчасида ҳомиладорлик даврида жиддий муаммо аниқланган ва ҳомилани тўхтатиш масаласи кўтарилган.
Аммо чуқур текширув ва ишончли хулоса вазиятга бошқача қараш имконини берган. Муаммонинг ечими борлиги ва уни Ўзбекистон шароитида ҳам даволаш мумкинлиги аниқланган. Натижада аввалги тактика ўзгарган.
Бугун эса ўша болалар ҳаёт кечирмоқда.
— Аллоҳим юзимни ёриқ қилганига минг шукр, — дейди Умиджон.
Бу воқеа шифокор учун ҳар бир хулосанинг қанчалик катта масъулият эканини кўрсатади. Баъзан бир қарор бутун бир оиланинг кейинги ҳаётига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун бундай ҳолатларда ҳар бир имкониятни синчиклаб ўрганиш, шошмасдан ва аниқ хулоса қилиш муҳим.
Унинг амалиётида яна бир ҳолат борки, у бу воқеани ҳам алоҳида эслайди.
Кардиореанимация жамоаси билан оғир аҳволдаги бемор шошилинч олиб келинади. Биринчи ёрдам кўрсатилади, ҳар бир мутахассис ўз вазифасини бажаради. Аммо вақт ўтиши билан беморнинг аҳволи яхшиланиш ўрнига янада оғирлаша бошлайди.
Шунда энг муҳим савол туғилади: нима бўляпти? Нега бемор яхшиланмаяпти, аксинча, аҳволи ёмонлашяпти?
Бундай вазиятда тезкор инструментал текширув катта аҳамиятга эга. Чунки шифокор кўрган тасвир ва берган хулоса кейинги ҳаракатларни белгилаши мумкин.
— Бир лаҳзада хонадаги барча нигоҳлар менга қаратилганини ҳис қиламан. Ўша пайтда шифокор сифатида ичингиздан жуда кўп нарса ўтади. Чунки бу оддий текширув эмас. Сиз берган хулоса кейинги қарорни, кейинги ҳаракатни, баъзан эса беморнинг ҳаётини белгилаши мумкин. Ичимда битта фикр бўлади: «Мен ҳозир хато қилишга ҳаққим йўқ», — дейди у.
Ана шундай вазиятларда Умиджон ўз касбининг моҳиятини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Бу касбда ўқиш тўхтамайди
Умиджон бу касбнинг яна бир мураккаб жиҳатини — доимий ўқиш ва изланиш заруратини алоҳида таъкидлайди.
— Кардиолог юракни, невролог бош мияни, гинеколог ўз соҳасининг анатомияси ва физиологиясини чуқур билмаса, бу соҳада ишлай олмайди. Шу маънода, бу йўналишда ишлайдиган мутахассис кенг билимга эга бўлишга мажбур, — дейди у.
Шунинг учун Умиджон асосан Европа стандартлари ва халқаро тавсиялар асосида ишлашга интилади. Соҳа бўйича етакчи ассоциациялар фаолиятини кузатиб боради, уларнинг экспертлари тайёрлаган маърузалар, курслар, илмий мақолалар ва тезисларни мунтазам ўрганади.
У учун бир мавзуни битта манба орқали ўрганишнинг ўзи етарли эмас. Турли экспертларнинг қарашларини солиштириш, янги тавсияларни амалиёт билан таққослаш — унинг касбий изланишларининг бир қисми.
— Шифокор учун «мен етарлича биламан» деган нуқта бўлмаслиги керак. Чунки тиббиётда ўрганиш тугаган жойда ривожланиш ҳам тугайди, — дейди Умиджон.
Шифокор учун энг катта мукофот
Беморлар ҳаётидаги эсда қоларли воқеалар унинг фаолиятида кўп. Аммо Умиджон учун энг катта мукофот ташхис қўйилган лаҳзанинг ўзи эмас.
— Кейин бемор ёки унинг яқинларидан келган биргина «раҳмат» сўзи мен учун жуда қадрли. Менимча, шифокор учун энг катта мукофот — беморнинг соғайиб, ўз ҳаётига қайтганини кўриш. Қолган нарсалар иккинчи даражали, — дейди у.
Балки, унинг касбга муносабатини бир жумла билан ифодалаш мумкин: «Мен юракни шунчаки кўришни эмас, уни тушунишни хоҳлайман».
Чунки ҳақиқий диагностика — фақат экранда ниманидир кўриш эмас. Кўрилган ўзгаришнинг сабабини англаш, унинг бемор учун аҳамиятини тушуниш ва энг муҳими, бу маълумотни тўғри қарорга айлантира олишдир.
Кейинги мақсад — ишончли мутахассис бўлиш
Умиджоннинг келажакдаги энг катта мақсади ҳам шу касбий қараш билан боғлиқ.
У ўз йўналишида шунчаки яхши мутахассис бўлиб қолишни эмас, кучли эксперт даражасига етишишни истайди. Бунинг учун чуқур илмий билим, катта амалий тажриба ва замонавий технологияларни бирлаштирган мутахассис бўлишни мақсад қилган.
Бироқ унинг режалари фақат шахсий ривожланиш билан чекланмайди. У Ўзбекистонда ушбу йўналишни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, ёш мутахассисларга билим бериш, диагностика сифатини ошириш ва беморларга имкон қадар эрта ва тўғри ташхис қўйилишига хизмат қилишни истайди.
Хорижий тиббий марказларда стажировка ўташ ҳам унинг режалари орасида. Унинг фикрича, китоб, илмий мақола ва маърузалардан олинган билим жуда муҳим, аммо кучли мактабда бевосита тажриба орттириш — бутунлай бошқа даража.
— Мен учун энг катта мақсад — бир кун келиб, «Бу ҳолатда айнан шу мутахассисга мурожаат қилайлик, у энг мураккаб вазиятни ҳам тушунади», деган ишончга эга бўлиш.
Мустақиллик тенгдоши Умиджон Абдуллаевнинг касбий йўли ҳам шу мақсад сари давом этмоқда.