Юртимизда электрон сигареталар тақиқланмоқда: Қандай натижалар кутиляпти?

Маълумки, 2025 йил 27 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган эди.

— Мақсад — болалар ва ўсмирларни, келажак авлодни, миллат генофондини, атроф-муҳитни янги тамаки ва никотин маҳсулотларидан ҳимоя қилиш ҳамда бунинг учун ҳуқуқий асосларни яратишдан иборат, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши кураш бўйича консультанти Шуҳрат Шукуров. — Қонун билан никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, юртимиз ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш тақиқланди.

Шуҳрат Шукуров

Бу қоидани бузган, шу жумладан, муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек мамлакатга олиб кириш, мамлакатдан олиб чиқиш) тақиқланган чекилмайдиган (тутунсиз) тамаки маҳсулотларини (носвойдан ташқари) муомалага киритадиганлар учун:

  • ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир бараваридан 200 бараваригача миқдорда маъмурий жавобгарлик;
  • БҲМнинг 200 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Агар шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда, мазкур шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Яна бир янгилик шуки, тамакини қиздириш тизимларини (оддий тамаки маҳсулотлари сингари) қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун:

  • ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда маъмурий жавобгарликлар;
  • БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Қонун аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар томонидан электрон сигареталарни харид қилиш имкониятини ва чекиш даражасини кескин қисқартиришга, пировардида, баркамол авлодни ўстиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, қонун жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб кучга кирган.