Мустақиллик йилларида инсон саломатлиги энг устувор қадриятга айланди. Риштон туманида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг амалий ифодасидир.
Рақамларга эътибор қаратсак, 2025 йилда туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида қўшимча 10 та, реанимация бўлимида эса 3 та янги ўрин-жой ташкил этилди. Бу эса оғир аҳволдаги оналар ва чақалоқларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини янада кенгайтирди.
Туғруқ бўлими ҳам замонавий талаблар асосида фаолият юритмоқда. Бўлим ҳамшираси Гулнора Сатторованинг таъкидлашича, бу ерда ҳар куни ўртача 15 нафар янги туғилган чақалоқ миллий эмлаш тақвими асосида режали эмланмоқда. Бу эса келажак авлод соғлиғини таъминлаш йўлидаги муҳим чоралардан биридир.
2024–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилган тизимли ишлар ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида оналар ўлими ҳолати қайд этилмади. Бу — тиббиёт тизимидаги энг муҳим натижалардан бири саналади.
Болалар ўлими кўрсаткичлари ҳам камаймоқда. Агар 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 20 тани ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида 12 тага тушди. Бу эса она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганининг яққол исботидир.
— Айни пайтда бўлимда 55 та койка мавжуд бўлиб, яқин кунларда яна 10 та янги ўрин-жой фойдаланишга топширилади, — дейди неонатолог Муҳайёхон Нуралиева. Бу эса янги туғилган чақалоқларга ихтисослаштирилган тиббий хизмат қамровини янада кенгайтиради.
Болалар бўлими ҳам замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда нафас олиш, пульс, сатурация ва қон босимини назорат қилувчи мониторлар, кислород концентраторлари, электроотсослар, шприц насослари ҳамда «Термо Беби» қурилмалари орқали болаларга юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада олдинда турган вазифалар ҳам мавжуд. Жумладан, чақалоқлар, болалар ва катталар реанимация бўлимларини замонавий талаблар асосида жорий таъмирлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бу мақсадда 200 миллион сўмлик қурилиш материалларини ҳомийлик асосида жалб этиш режалаштирилган.
Риштонда амалга оширилаётган бу ишлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: тиббиётдаги ислоҳотларнинг марказида бино ёки техника эмас, аввало инсон турибди. Инсон саломатлигига киритилаётган ҳар бир сармоя эса мамлакат келажагига қаратилган энг қимматли инвестициядир. Мустақиллик йилларида шаклланган ана шу ёндашув бугун ҳар бир она, ҳар бир бола ва ҳар бир оиланинг ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.