Олий тоифали травматолог Содиқжон Тиллабоев 2011 йилдан буён Фурқат тумани аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда самарали меҳнат қилиб келаётган юқори малакали шифокорлардан биридир.
2023 йилдан Фурқат тумани тиббиёт бирлашмаси қабул-диагностика бўлими хирурги лавозимида ишлаб келаётган С.Тиллабоев 1983 йилда Фурқат туманида, зиёли оилада туғилиб, камол топди. У ўзи туғилиб ўсган туманидаги 1-мактаб-интернатни аъло баҳолар билан тамомлаб, 2001 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси бўлди. Жонкуяр, фидойи, халқ саломатлигини барча нарсадан устун кўрадиган инсонгина масъулиятли касб – шифокорликни танлайди. Ҳа, Содиқжон акада ҳам болалигидан ана шу хислатлар мужассам эди. Шифокорлик соҳасининг сир-синоатини ҳам ўқишда, ҳам амалиёт жараёнларида пухта ўрганган қаҳрамонимиз 2008-2011 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратура босқичида ўқишни давом эттиради. У меҳнат фаолиятини 2011 йилда Фурқат тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида болалар хирурги сифатида бошлайди. Устозлари – профессорлар Насриддин Эргашев, Ҳабибулло Акилов, тиббиёт фанлари доктори Жамолиддин Саттаровларнинг маслаҳат ва кўрсатмалари, билим, тажрибаларига таяниб, иш олиб борди. – Устозларим “Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонларга фойданг тегсин. Ана ўшанда ҳамкасбларинг орасида ҳурмат, жамиятда эса ўз ўрнингни топасан”, деб кўп таъкидлашар эди. Бу ўгитнинг нечоғли ҳақиқат эканига бир неча йиллик иш тажрибам мисолида гувоҳ бўлиб келяпман. Беморлар дарддан фориғ бўлиб, миннатдорчилик билдирса, хурсанд бўламан. Шундай кезларда шарафли ва машаққатли касб соҳиби – шифокор бўлганимдан қалбим қувончга тўлади, чин маънода фахрланаман, – дейди у.
С.Тиллабоев 2017-2018 йилларда Фурқат тумани тиббиёт бирлашмаси даволаш ишлари бўйича бошлиқ ўринбосари, 2018-2023 йилларда туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими хирурги, 2023 йилдан эса мазкур тиббиёт бирлашма сида қабул-диагностика бўлими хирурги лавозимида ишлаб келмоқда. Ҳамкасблари уни тажрибали раҳбар, меҳрли инсон деб билса, уни таниган-билганлар, ундан шифо топганлар эса доимо ёрдам қўлини чўзувчи олижаноб шифокор сифатида таърифлашади.
– Содиқжон Тиллабоев билан анчадан буён бир жамоада ишлаб келяпмиз, – дейди ҳамкасбларидан бири Умиджон Олимжонов. – Табиатан тўғрисўз, камтар бу инсон кези келганда ҳамкасбларидан ҳам ўз ёрдамини аямайди. Аҳоли саломатлиги ва тинчлигини ўйлаб, тиним билмайди. У доимо ўз устида ишлайди, янгиликка интилади. Ундан ўрнак оладиган, ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати ҳисобга олиниб, тиббиёт ходимлари куни арафасида Содиқжон Тиллабоев Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Камтарона меҳнатларим ҳурматли Президентимиз ва халқимиз томонидан эътиборга олинишини катта ишонч ва масъулият деб биламан, – дейди Содиқжон Тиллабоев. – Албатта, бундан хурсандман. Билдирилган ушбу ишонч ва эътироф мени янада фидойилик билан ишлашга ундайди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Нафақат тиббий хизмат, тиббий маданият, балки аҳолига кўрсатилаётган юқори технологик муолажа ҳамда амалиётларнинг сифати ва тури ҳам ортиб бормоқда. Бу эса нафақат юртимиз аҳолисига, балки қўшни давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб, тиббий хизматдан фойдаланишларида ҳам кузатилмоқда.
Мен жарроҳ сифатида шуни айта оламанки, кам таъсирли жарроҳлик амалиётлари илгари фақат пойтахтимиз – Тошкентда амалга оширилган бўлса, кейинчалик вилоят марказларида, бугун эса туман марказларида ҳам олиб борилмоқда. Бугун ўзим фаолият олиб бораётган туман тиббиёт бирлашмасида ҳам ҳеч қайси марка зий шифохоналардан кам бўлмаган тиббий хизматни кўрсатяпмиз. Бу ҳам бўлса, Президентимизнинг соҳага қаратаётган эътибори ва биз, тиббиёт ходимларига билдираётган ишончи, деб ҳисоблайман. Юртимизда Содиқжон Тиллабоев каби билимдон, фидойи шифокорлар кўпаяверсин!
Алишер Шокиров.