Қувада тиббий хизмат сифати таҳлил қилинди

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бирига айланган. Шу мақсадда жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар очиқ муҳокама этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Қува тумани соғлиқни сақлаш бўлими тасарруфидаги оилавий поликлиникалар ва марказий шифохона бўлими мудирлари иштирокида ўтказилди. Унда 2026 йил I-чорак якуни бўйича кенгайтирилган таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар ва аёллар ўртасида ўтказилаётган скрининг тадбирлари, шунингдек юрак-қон томир ва эндокрин касалликларини эрта аниқлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Шу билан бирга, электрон рецептларнинг аҳолига ўз вақтида етиб бориши ва амалга оширилиши ҳам муҳокама марказида бўлди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилиб, масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар белгилаб олинди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилди.

Эътиборлиси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, янги ташкил этилган оилавий поликлиникаларга аҳоли мурожаатлари сони сезиларли ошган. 2025 йил I-чорагида 342 мингдан ортиқни ташкил этган ушбу кўрсаткич 2026 йилда 606 мингдан зиёдга етди, яъни 77 фоизга ўсиш қайд этилди. Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам чақирувлари 18 фоизга камайгани тизимда профилактика ишлари самарадорлиги ошиб бораётганидан далолат беради.

Кундузги шифохоналарда даволанган беморлар сони ҳам ортиб, бу аҳоли учун қулай ва самарали даволаш шаклларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Пуллик тиббий хизматлар ҳажмининг 32,6 фоизга ошгани эса соҳада хизмат турлари кенгайиб, имкониятлар ортганидан дарак беради.

—Бугунги таҳлиллар ҳар бир тиббиёт ходимидан янада катта масъулият талаб этади. Асосий мақсад — аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш, — дейди  туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Равшан Исоқов. — Бу борада ҳар бир мутахассис ўз устида ишлаши, камчиликларни бартараф этиши лозим.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилиши таъкидланди.