Қўқонда туманлараро шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида яқин йилларгача эски бинода ўз хизмат даврини аллақачон ўтаб бўлган ускуналар ёрдамида тиббий хизматлар кўрсатилар эди. Эндиликда бу ерда энг замонавий ва инновацион жиҳозлар асосида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ҳам амалга ошириш мумкин.
Шифохона қошида 42 ўринли туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари маркази ташкил этилди ҳамда янгидан жиҳозланди.
– Бу ерда Қўқон шаҳри, Ўзбекистон, Данғара, Учкўприк, Фурқат, Бешариқ туманлари аҳолисига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатилади, – дейди шифохона бош шифокори Баҳодир Назиров. – Марказда тор доирадаги мутахассислар кўриги ҳамда УТТ, рентген, ЭКГ, МСКТ, лаборатория диагностика хизматлари йўлга қўйилди.
Замонавий қулайликлар туфайли биргина жорий йилнинг ўтган даврида шифо масканида юзга яқин мураккаб ҳамда 1 минг 227 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Айниқса, илк бор буйрак кўчириш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилганини таъкидламоқ жоиздир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА