“Истиқболли режалар” мавзусидаги тақдимот кўринишидаги ҳисоботлар ҳафталиги давомида Олтиариқ ва Учкўприк туманлари ҳамда вилоят Руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарлари ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Қуйида энг эътиборга молик жиҳатларга тўхталамиз.
Олтиариқ туманида аҳоли йиллик ўсиши 4 минг 600 нафардан ошган. Ҳозирда туманда 30 та даволаш-профилактика муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 210 нафар беморда туман даражасида юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилган.
Сўнгги уч йил ичида туманда гўдаклар ўлими қарийб 41 фоизга, оналар ўлими эса 50 фоизга, яъни икки баробарга камайган. Туман туғруқ бўлимида қўшимча 4 та ўрин ташкил этилди.
Шунингдек, 27 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадларга қарийб 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Тумандаги 19 та тиббиёт муассасасининг 85 фоизи компьютер жамланмалари билан таъминланди.
233 минг 47 нафар аҳоли учун “Электрон тиббий карта” шакллантирилди. Шу билан бирга, 78 минг 807 нафар диспансер назоратидаги беморлар ҳамда 4 минг 6 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри яратилди.
Келгуси йилга режаларга кўра, кам инвазив жарроҳлик амалиётлари турини 8 тадан 14 тагача кўпайтириш, шунингдек, эндопротезлаш ва артроскопия йўналишида 4 турдаги янги операцияларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
***
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Фарғона вилояти филиалида 2025 йил давомида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда муассаса раҳбари Қуддус Каримов тақдимот давомида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 2025 йилнинг 11 ойи мобайнида муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун жами 486 миллион 208 минг сўм маблағ йўналтирилган. Ҳисобот даврида 6 минг 948 нафар бемор стационар даволанган. Амбулатор хизматда дори-дармон билан таъминлаш ҳажми 2023 йилга нисбатан 2025 йилнинг 11 ойида тахминан 5,2 фоизга ошган.
Шунингдек, муассаса 2024 йилнинг иккинчи босқичида “Open Budget” танловида иштирок этиб, 1 миллиард 360 миллион сўм маблағни қўлга киритган. Ушбу маблағлар ҳисобига 2025 йилда қабул-диагностика биносининг том қисми ҳамда тўртинчи қавати тўлиқ таъмирланиб, дорихона, бошқа профиль мутахассислар ва лаборатория бўлимлари ҳамда маъруза зали фойдаланишга топширилди.
Вилоят бўйича “Д” назоратида турувчи руҳий беморларни мунтазам равишда профилли дори воситалари билан таъминлаш натижасида 2025 йилнинг 11 ойи давомида улар томонидан содир этилган ижтимоий хавфли ҳаракатлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар 5 баробарга камайди. Ушбу кўрсаткич бўйича Фарғона вилояти республикада энг намунали ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Инвестиция дастури” доирасида психиатрия хизмати филиалида тўлиқ мукаммал таъмирлаш ишларини якунлаш, шунингдек, келгусида “тиббий туризм” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, вилоятдаги руҳий касалликка чалинган шахслар учун мўлжалланган “Мурувват уйи”даги ўрин-жойлар сонини кўпайтириш орқали йиллар давомида шифохонада 54 та ўрин-жойни банд қилиб турган беморларни ўтказиш ҳамда мавжуд 620 та ўриндан самарали фойдаланиш ҳисобига кўрсаткичларни яхшилаш кўзда тутилган.
Айни пайтда Қува, Ўзбекистон, Ёзёвон, Бувайда ва Фурқат туманларида тиббий психологлар фаолият олиб бормоқда. 2025 йилда эса вилоятдаги қолган туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳам тиббий психолог амалиётини жорий этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Президент қарори асосида умумий қиймати 675 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар, жумладан 32 каналли ЭЭГ аппарати, «Амплипульс-М», «Электросон», магнитотерапия аппарати, дефибриллятор, мультипараметрли монитор ва биохимик анализатор харид қилинди.
***
Учкўприк тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шахбоз Раҳмоновнинг маълум қилишича, жорий йилда туманда стационар тизим ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари учун 4 млрд 132 млн сўмга 1 дона портатив аспиратор, коагулятор, катта ва кичик операцион тўпламлар харид қилинган. Шунингдек, 13 млн 378 минг сўмга 1 дона хирургик аспиратор сотиб олинди. Тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш мақсадида 120 дона замонавий моноблок компьютер, 155 дона чек-принтер, 4 дона инфокиоск, 6 дона 3D телевизор, 25 дона МФУ принтер ва 8 дона 2D сканер етказиб берилди.
Профилактика ва эрта аниқлаш ишлари доирасида 44 572 нафар 3–18 ёшли болалар онкогематологик касалликларга скринингдан ўтказилди. Натижада 2 нафар болада касаллик эрта босқичда аниқланиб, зарур соғломлаштириш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, 8 726 нафар 6–23 ойлик болалар микронутриент кукуни билан бепул таъминланди. Туманда 29 295 нафар 2–10 ёшли болалар гижжа касалликларига қарши Альбеворм антигельминт препарати билан даволанди.
Туғруқ бўлимида қўшимча 6 та ўрин жой ташкил этилиб, умумий ўринлар сони 71 тага етказилди. Туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими 7 турдаги, оилавий шифокор пунктлари 16 турдаги, оилавий поликлиникалар 6 турдаги, марказий шифохона бўлимлари эса 4 турдаги замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланиши белгиланди.
«Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида неврология бўлими биноси 1,3 млрд сўмга, 60 та оилавий поликлиника 1,2 млрд сўмга таъмирланди. Вилоят ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан туғруқхона ва КЖД бўлими бинолари 850 млн сўмга капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, ҳомийлик асосида марказий шифохонанинг дорихона бўлими, Рахимобод МТП ва туғруқ бўлими бинолари жами 452 млн сўм эвазига жорий таъмирдан чиқарилди.
Марказий шифохонада давлат-хусусий шериклик асосида собиқ терапия бўлими реконструкция қилиниб, МСКТ аппарати ўрнатилди. Шунингдек, 10 ўринли хўжалик ҳисобидаги жарроҳлик йўналиши бўйича пуллик хизмат кўрсатиш бўлими ташкил этилди. Натижада пуллик хизматлардан олинаётган ойлик тушум 120 млн сўмга етди.
Аҳолини скрининг ва профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тармоқ режаси ишлаб чиқилиб, кардиологик, ўсма, сил, қандли диабет, онкогематология ва гельминтоз касалликларни эрта босқичда аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади. Аниқланган беморлар диспансер назоратига олиниб, соғломлаштирилади.
Бирлашмага қарашли барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокор олди хоналари, лаборатория ва функционал ташхислаш хоналари хатловдан ўтказилиб, зарур жиҳозларга бўлган эҳтиёж аниқланади ва 2026 йилги “Ташаббусли бюджет” ҳисобидан таъминланади.
Тиббий тарихларни электрон шаклда сақлаш ва бошқариш йўлга қўйилади. 2025 йил 8 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 570-сон қарори асосида барча давлат ва нодавлат тиббий ташкилотларда электрон рецепт тизими жорий этилади.
2025 йил 21 октябр видеоселектор йиғилиши топшириқлари доирасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган аҳоли саломатлигига оид 9 та устувор мақсад ижроси таъминланади.
Шунингдек, барча ОП, ОШП ва марказий шифохона бўлимлари инвентарлар билан таъминланади. Инвестиция дастури асосида 59-ОП ва 61-ОП қайта қурилади, маҳаллий бюджет ҳисобидан 90-ОП жорий таъмирдан чиқарилади. “Ташаббусли бюджет” орқали 82 дона компьютер жамланмаси, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 18 та шифокор олди хонаси учун 10 турдаги тиббий жиҳоз харид қилинади, 61-ОП учун қўшимча бино қурилиши режалаштирилди.