Фарғонада тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар сарҳисоби: “Истиқболли режалар” ҳафталиги бошланди

Бугундан Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Истиқболли режалар” мавзусидаги тақдимот кўринишидаги ҳисобот ҳафталигига старт берилди. Мазкур ҳафталик доирасида туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинади.

Ҳисобот ҳафталигининг дастлабки кунида Фарғона тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиалининг фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Фарғона тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳусниддин Тошбоев ўз тақдимотида 2025 йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси йил учун белгиланган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Энг муҳим ютуқлардан бири сифатида “Вилоят ҳокими ташаббуси” тамойили асосида Шохимардон қишлоғида ташкил этилган Тараққиёт оилавий шифокорлик пункти фаолияти қайд этилди. Туманда тез тиббий ёрдамга мурожаатлар кескин камайган. Жумладан, ўтган йилда 189 минг 405 та бўлган чақирувлар сони 2025 йилнинг 9 ойида 107 минг 465 тага тушган.

Шунингдек, туман даражасида 17 та юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Профилактик кўриклар ва скрининг ишлари кенгайтирилиб, туғруқ бўлими учун 468 миллион сўмлик моддий-техник база шакллантирилди. Чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида бибитерм болалар учун СИПАП аппарати, шунингдек, портатив УТТ аппарати харид қилинди.

Кадрлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилди. Хусусан, 4 нафар тиббиёт ходими Туркия ва Белоруссия давлатларида малака ошириб қайтди. Инфратузилмани яхшилаш доирасида 5 та объект таъмирланиб, бу ишларга жами 9 миллиард 650 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Туман ҳудудидаги барча 20 та тиббиёт муассасаси компьютер жамланмалари билан 98 фоиз таъминланди, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тайёргарлик даражаси эса 95 фоизни ташкил этди.

Келгусида тиббий хизмат турларини янада кенгайтириш мақсадида кам инвазив жарроҳлик амалиётлари сонини 7 турдан 12 тургача ошириш, шунингдек, эндопротезлаш ва артроскопия йўналишларида 5 турдаги янги операцияларни йўлга қўйиш режалаштирилган.