Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов кириш сўзи билан очди ҳамда вилоятда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот берди.
Йиғилишда Қува туманида амалга оширилаётган ишлар мисолида туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Равшан Исақов тақдимот қилди. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дурдона Устамадалиева, шунингдек, молия-иқтисод ва рақамлаштириш бўлими масъул ходимлари ҳам сўзга чиқишди.
Маърузаларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили, тиббиёт муассасаларида давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, пуллик хизматлардан тушум манбаларини кенгайтириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Масалан, она ва бола ўлими кўрсаткичи вилоятда камайгани эътироф этилди, аммо айрим жойларда масъуллар йўл қўяётган хатолар танқид қилинди. Коррупцияга йўл қўймаслик ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш борасида ҳам мутахассислар танқидий фикрлар билдиришди.
Қолаверса, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга доир ҳужжатлар ижроси ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Йиғилишда вилоят ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, шифохона ва туғруқ бўлимлари бошлиқлари, иқтисодий ҳамда АКТ мутахассислари иштирок этди.