Кўз касалликларида биринчи манзил қаер?

Кўзингиз безовта қилса, қаерга мурожаат қиласиз? Қайси шифокорга учрашиш керак? Қандай текширувлардан ўтилади?

Фарғонадаги Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази филиали поликлиникасига келган бемор бу саволларга жавоб излаб сарсон бўлмайди.

Бу ерда беморларни аввало ҳамширалар кутиб олади. Шикоятини тинглаб, тегишли шифокор қабулига йўналтиради. Зарур бўлса, шифокор хонасигача кузатиб ҳам қўяди.

Оддийдек кўринган бу эътибор, айниқса, соғлиғидан хавотирда бўлган бемор учун муҳим. Чунки бундай пайтда нафақат тиббий ёрдам, балки самимий муомала ва тўғри йўл-йўриқ ҳам керак.

Поликлиникадаги асосий мақсад ҳам шу, ҳар бир беморга эътибор билан ёндашиш, унинг шикоятини ўрганиш ва зарур тиббий ёрдамга йўналтириш.

Яна бир муҳим жиҳат, кўз касалликларини эрта аниқлаш. Зеро, айрим хасталиклар дастлаб билинмаслиги мумкин. Кўриш қобилиятида ўзгариш сезилса, уни оддий ҳол деб қабул қилмаслик керак.

Бу ердаги кўрик ва текширувлар кўз саломатлигини баҳолаш, муаммони аниқлаш ҳамда кейинги даволаш йўлини белгилашга ёрдам беради.

Кўз, инсон учун дунёни англаш имкони. Уни асраш эса ўз вақтидаги эътибордан бошланади.

———-