Инсон умрида шундай касблар борки, уларда ҳар бир дақиқа, ҳар бир қарор ва ҳар бир ҳаракат кимнингдир тақдирига дахлдор. Айниқса, болалар реанимациясида ишлаш шифокордан нафақат билим ва тажриба, балки юксак масъулиятни ҳам талаб этади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали болалар анестезиология-реанимация бўлими шифокори Шухрат Сайдахмедов учун бу касб қарийб қирқ йилдан буён ҳаёт мазмунига айланган.
У 1966 йил 18 ноябрда Фарғона туманида туғилган. 1982 йилда Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кириб, 1989 йилда таҳсилни якунлади. Кейинги йилларда Фарғона вилояти болалар шифохонасида интернатура ўтаб, меҳнат фаолиятини анестезиолог-реаниматолог сифатида бошлади.
Унинг касбий йўли турли шифохона ва тиббиёт муассасалари билан боғлиқ. Фарғона тумани марказий шифохонаси, Миндон шифохонаси, Чимён шифохонасидаги фаолияти давомида даволовчи шифокор, реанимация бўлими мудири, бош шифокор каби вазифаларда ишлади. Бу йиллар унга нафақат амалий тажриба, балки тиббиётни ташкил этиш борасида ҳам билим ва кўникмалар берди.
2000 йилдан буён эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида болалар анестезиолог-реаниматологи сифатида меҳнат қилиб келмоқда. Болаларнинг оғир аҳволдаги дақиқаларида уларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун масъулиятни зиммасига олиб келаётган шифокорнинг бу ердаги фаолиятига ҳам 26 йил бўлди.
Шу йиллар давомида вилоятимиз болаларига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, улар саломатлигини тиклаш йўлидаги меҳнати ҳамкасблари томонидан қадрланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги нишонланган санада Шухрат Сайдахмедов ҳам 60 ёшни қаршилади. Туғилган куни муносабати билан муассаса маъмурияти, касаба уюшмаси ташкилоти ва жамоаси унга самимий эҳтиром билдириб, узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва оилавий хотиржамлик тилади.