Фото: ГБУЗ РТ “Реснаркодиспансер”
Чекишнинг ўпка саратони, юрак-қон томир касалликлари ва нафас йўлларига зарари ҳақида кўп гапирилади. Аммо у мия саломатлиги билан ҳам боғлиқ бўлиб, деменция ривожланиши хавфининг ортишига сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Австралиянинг Кертин университети олимлари 61 та тадқиқот ва қарийб 2,8 миллион кишининг маълумотларини таҳлил қилди. Натижаларга кўра, ҳозирда чекувчиларда деменция ривожланиш хавфи ҳеч қачон чекмаганларга нисбатан 31 фоиз юқори. Альцгеймер касаллиги бўйича бу кўрсаткич 40 фоизни, қон томир деменциясида эса 52 фоизни ташкил этган.
Таҳлилда чекиш миқдори билан хавф ўртасидаги боғлиқлик ҳам аниқланган. Масалан, кунига 10 дона сигарета чекувчиларда деменция хавфи 16 фоиз, 20 дона чекувчиларда эса 34 фоиз юқори бўлган. Бу кўрсаткичлар ҳеч қачон чекмаган кишилар билан таққосланган.
Яна бир эътиборли жиҳати, чекишни ташлаган одамларда деменция хавфи ҳозир ҳам чекувчиларникидан паст бўлган ва ҳеч қачон чекмаганларникидан сезиларли юқори эмаслиги кузатилган. Бироқ олимлар бу натижалар чекиш деменцияга бевосита сабаб бўлишини тўлиқ исботламаслигини, қўшимча тадқиқотлар зарурлигини қайд этмоқда.