Интизомли бемор

Фарғоналик Фозилжон Машрапов қандли диабет билан кечган ҳаёти, сабр-матонати ва йиллар давомида орттирган тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

Фозилжон ака қандли диабет ташхиси билан 1966 йилда, ҳарбий хизматни ўтаётган пайтида танишган. Хизмат давомида ўзини ёмон ҳис қилган йигит тиббий текширувдан сўнг умр бўйи эътибор ва интизом талаб қиладиган касаллик билан яшашига тўғри келишини билди.

— Отам ҳам шу касаллик сабаб 48 ёшида вафот этган. Мени холам даволаган. У ўз тажрибасига таяниб, турли гиёҳлардан фойдаланган, — дейди Фозилжон ака.

Кейинчалик у шифокор Александр Майоров қўлида ҳам даволанган. Устоз шифокорнинг бир гапи ҳалигача ёдида: «Бундай интизомли беморни биринчи марта кўришим». Бу таъриф Фозилжон аканинг касалликка муносабатини ҳам ифодалайди.

Унинг айтишича, қандли диабет билан яшаш осон бўлмаган. Бу курашни у «ё сен мени, ё мен сени» деган ибора билан таърифлайди. Касаллик билан яшаш учун доимий интизом, парҳезга риоя қилиш ва ўз саломатлигига эътиборли бўлиш талаб этилади.

Йиллар давомида тиббиётда ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Фозилжон аканинг эслашича, илгари қондаги қанд миқдорини мустақил ўлчаш имконини берувчи глюкометрлар бўлмаган. У ҳар олти ойда шифокорлар кўригидан ўтиб, даволанган. Бугун эса беморларда қондаги қанд миқдорини мунтазам кузатиб бориш имконияти бор.

Фозилжон аканинг ҳаёти фақат касаллик билан курашдан иборат эмас. У беш ўғил ва бир қиз тарбиялаган. Барча фарзандлари олий маълумотли. Бугун ўн нафар набираси ва икки нафар чевараси бор. Оиласи қуршовидаги бугунги ҳаётида йиллар давомида тўплаган тажрибаси ҳам муҳим ўрин тутади.

Қандли диабет билан яшаётган инсонларга Фозилжон аканинг маслаҳати оддий, аммо қатъий:

— Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак. Доимо ҳаракатда бўлиш ва парҳезга қатъий риоя қилиш лозим. Қондаги қанд миқдорини оч қоринга ва ухлашдан олдин ўлчаб туриш ҳам зарур.

Хабарингиз бор, фарғоналик Фозилжон Машрапов қандли диабетнинг 1-типи билан 50 йилдан буён яшаб келмоқда. У шифокорлар тавсияларига амал қилиб, тўлақонли ҳаёт кечириб келаётгани билан эътиборга сазовор. Унга Россия диабетиклар ассоциацияси томонидан таъсис этилган, шифокор Александр Майоров номидаги «Қандли диабет билан ўтган 50 жасоратли йил учун» махсус медали ва халқаро сертификат топширилди.

———-