Қон босими йиллар давомида юқори бўлса-ю, бир нечта дори воситаси ҳам уни назоратга олишга ёрдам бермаса, муаммонинг сабабини бошқа аъзолардан ҳам излашга тўғри келади. Баъзан бундай ҳолатга буйракка қон олиб борувчи артериянинг торайиши сабаб бўлади.
Фарғона вилояти кардиология маркази мутахассислари ана шундай муаммога дуч келган 49 ёшли аёлда муваффақиятли стентлаш амалиётини бажарди.
Бемор кўп йиллар давомида қон босимининг 190/130 мм симоб устунигача кўтарилишидан азият чеккан. Ҳатто беш хил қон босимини туширувчи дори воситасини қабул қилганига қарамай, унинг аҳволида кутилган ўзгариш кузатилмаган.
Текширувлар давомида дастлаб ўнг буйрак артериясининг торайиши аниқланди. Компьютер томографияси эса томир қарийб 85 фоизга торайганини кўрсатди. Ташхис — ўнг буйрак артерияси атеросклерози.
Буйрак артерияси торайса, қон босими нега кўтарилади?
Буйрак фақат организмдаги қонни фильтрлаш вазифасини бажармайди. У артериал қон босимини бошқаришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Атеросклероз жараёнида томир деворида ёғ ва холестеринга бой бляшкалар тўпланади. Бу эса томир йўлини торайтириб, буйракка келадиган қон оқимини камайтиради.
Бундай вазиятда буйрак қон таъминоти етарли эмаслигини сезиб, қон босимини оширувчи гормонал механизмларни ишга туширади. Натижада қон томирлар торайиши, организмда туз ва суюқлик ушланиб қолиши мумкин. Бу эса артериал босимнинг янада кўтарилишига олиб келади.
Тиббиётда бундай ҳолат реноваскуляр гипертония деб аталади.
Стентлашдан кейинги натижа қандай?
Аниқланган торайишни бартараф этиш учун беморга буйрак артериясини стентлаш тавсия этилди. Амалиёт муваффақиятли бажарилиб, томирнинг очиқлиги ва қон оқими тикланди.
Энг эътиборли жиҳати, муолажадан бир сутка ўтиб, беморнинг қон босими 120/80 мм симоб устунига тушди. Марказ маълумотига кўра, ҳозирда у қон босимини туширувчи дориларсиз ҳам 110/70–120/80 кўрсаткичлари доирасида сақланмоқда.
Бу ҳолат буйрак артериясидаги муаммони аниқлаш ва тегишли муолажани танлаш беморнинг аҳволини ўзгартириши мумкинлигини кўрсатади.
—Албатта, буйрак артерияси торайиши аниқланган ҳар бир беморга стентлаш тавсия этилмайди. Даволаш усули томирдаги ўзгаришлар, буйрак фаолияти ва қон босимининг назоратга олиниш даражасига қараб белгиланади, дейди шифокор Фаттохжон Мирзаев. — Шу боис қон босими бир неча дори воситасига қарамай юқорилигича қолаётган ҳолларда унинг сабабини чуқур текшириш муҳим.
————-