Қарамликни яшириш эмас, даволаш керак

Гиёҳвандлик ва алкоголга қарамлик — инсоннинг ўзига, оиласига ва жамиятга таъсир қиладиган жиддий тиббий муаммо. Уни вақтида англаш ва ёрдам сўраш эса соғлом ҳаётга қайтиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Инсон ичишни ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ташлашга бир неча бор уринади. Ўзига сўз беради, яқинларига ваъда қилади. Аммо бироз вақт ўтгач, яна аввалги ҳолатига қайтади. Оила аъзолари буни ирода сустлиги деб тушуниши, танбеҳ бериши ёки муаммони бошқалардан яширишга уриниши мумкин. Аслида эса бундай вазият ортида мутахассис ёрдамини талаб қиладиган қарамлик бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Қарамлик — оддий одат ёки ирода етишмаслиги билангина изоҳланадиган ҳолат эмас. Унинг шаклланишида биологик, руҳий ва ижтимоий омиллар иштирок этади. Руҳий зўриқиш, атрофдагиларнинг таъсири, айрим ҳаётий қийинчиликлар ва моддаларнинг ўзига хос таъсири хавфни кучайтириши мумкин.

Шу боис муаммони фақат тақиқлаш, койиш ёки жазолаш билан ҳал этиб бўлмайди. Аввало, унинг сабабларини тушуниш ва зарур тиббий ёрдамни ташкил этиш керак.

Алкоголнинг зарари кўпинча кеч англанади

Алкоголли ичимликлар кундалик ҳаётда кенг тарқалганлиги сабабли уларнинг хавфи баъзан етарлича баҳоланмайди. Айримлар пиво ёки бошқа ичимликларни кучли алкоголли ичимликларга қараганда зарарсизроқ деб ҳисоблайди. Бироқ алкогол таркибидаги этанол марказий асаб тизимига таъсир қилувчи, қарамликни юзага келтириши мумкин бўлган моддадир.

Алкогол фикрлаш, мувозанат ва қарор қабул қилиш қобилиятини сусайтиради. Уни мунтазам ва кўп миқдорда истеъмол қилиш эса жигар, юрак-қон томир тизими ҳамда бошқа аъзоларга зарар етказиши, айрим саратон касалликлари ва руҳий бузилишлар хавфини ошириши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2024 йилда эълон қилинган, 2019 йил маълумотларига асосланган ҳисоботида дунё бўйича 400 миллион киши алкогол истеъмоли билан боғлиқ бузилишлар билан яшагани, уларнинг 209 миллион нафари алкоголга қарам бўлгани қайд этилган. Бу рақамлар муаммонинг кўламини кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат бор: узоқ вақт алкогол истеъмол қилган инсон уни бирдан тўхтатганда оғир абстинент синдроми ривожланиши мумкин. Кучли титроқ, тутқаноқ, онгнинг чалкашиши ёки галлюцинациялар шундай хавфли ҳолатлардан дарак бериши мумкин. Бундай вазиятда шошилинч тиббий ёрдам зарур. Шу сабабли оғир қарамлик мавжуд бўлса, ичишни тўхтатиш жараёнини шифокор билан маслаҳатлашмасдан бошлаш хавфли.

Қарамликнинг дастлабки белгиларини ўтказиб юборманг

Муаммони эрта аниқлаш учун инсоннинг хулқ-атвори ва кундалик ҳаётидаги ўзгаришларга эътибор бериш лозим. Ўқиш ёки ишга қизиқишнинг пасайиши, оиладан узоқлашиш, уйқу ва кайфиятнинг ўзгариши, модда истеъмоли устидан назоратни йўқотиш шулар жумлаcидан бўлиши мумкин.

Айниқса, инсон истеъмолни камайтиришга ёки бутунлай тўхтатишга уриниб, бунга эриша олмаса, соғлиғи ва муносабатларига зарар етаётганини билса-да, истеъмолни давом эттирса, мутахассисга мурожаат қилиш керак. Бироқ бу белгилар ўз-ўзидан ташхис қўйиш учун етарли эмас. Уларни шифокор баҳолаши лозим.

Ёшлар орасида профилактика ҳам алоҳида эътибор талаб қилади. Ота-онанинг фарзанди билан очиқ мулоқот қилиши, унинг ташвишларини тинглаши ва қийинчиликларини менсимаслиги эмас, тушунишга уриниши муҳим. Таълим муассасалари, маҳалла ва тиббиёт ходимларининг ҳамкорлиги эса ёшларга зарарли моддалар оқибатларини тушунтириш ва керакли пайтда ёрдамга йўналтириш имконини беради.

Даволаш — бир марталик жараён эмас

Наркологик касалликларни даволаш ҳар бир беморнинг ҳолатига қараб белгиланади. Бунда тиббий кўрик, зарур ҳолларда дори воситалари, психотерапия, мотивацион суҳбатлар, оила кўмаги ва реабилитация муҳим ўрин тутади.

Даволашнинг мақсади фақат модда истеъмолини тўхтатиш эмас. Инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш, оилавий муносабатларини яхшилаш ҳамда меҳнат ва ижтимоий ҳаётга қайтишига кўмаклашиш ҳам муҳимдир.

Баъзан даволаниш давомида инсон яна истеъмол қилишга қайтиши мумкин. Буни ёрдам беришдан воз кечиш учун сабаб деб билмаслик керак. Аксинча, вазиятни таҳлил қилиш, даволаш режасини қайта кўриб чиқиш ва беморни қўллаб-қувватлаш зарур.

Энг муҳими — вақтида ёрдам сўраш

Қарамликка дуч келган инсонни ҳақоратлаш, камситиш ёки ундан юз ўгириш муаммони ҳал қилмайди. Аксинча, бундай муносабат унинг яккаланишига ва тиббий ёрдамга мурожаат қилишни кечиктиришига олиб келиши мумкин.

Агар инсон алкогол ёки бошқа психоактив моддаларни истеъмол қилишни назорат қилишда қийналаётган бўлса, нарколог мутахассисга мурожаат қилиши лозим. Яқинлари эса уни айблаш ўрнига, ёрдам олишга ундаши ва даволаниш жараёнида қўллаб-қувватлаши керак.

Наркологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш фақат тиббиёт ходимларининг вазифаси эмас. Бунда оила, таълим муассасалари, маҳалла ва бутун жамиятнинг ҳамкорлиги зарур.

Қарамликни яшириш эмас, уни тан олиш ва ёрдам сўраш — соғлом ҳаёт сари ташланган муҳим қадамдир.

Аҳмаджон ЗУҲРИДДИНОВ,
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази наркология хизмати бўйича Фарғона вилояти филиали шифокор-наркологи.