— Тўғриси, илгари шифохона дейилса, кўз олдимизга қоронғи хона кўринарди. Чунки муаммо кўп эди. Тиббий хизматдаги сифат паст, шароит оғир, оддий ташхис учун ҳам марказий шифохоналарда узоқ навбат кутишга мажбур эдик. Яхши эслайман, атрофимизда қандли диабет билан оғриган инсонлар кўп учрарди. Ҳозир ўйлаб кўрсам, бизда бу касалликни келтириб чиқарадиган омиллар кўп бўлган. Халқаро диабет федерацияси маълумотларига кўра, бу касалликни келтириб чиқарувчи асосий омиллар нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик ва ҳиссий депрессия.
Бизда шу пайтгача тўғри овқатланиш ҳақида ҳеч қандай тушунча бўлмаган. Президентимиз шахсан ўзи бу борада катта ислоҳотларни бошлаб берди. Махсус ҳужжатлар қабул қилиниб, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш бошланди. Маҳаллаларда спорт билан шуғулланишга шароит яратилмоқда. Биз шунчаки сайр ва тадбиркорлик учун яхши шароит деб биладиган 24/7 режимдаги кўчалар ҳам шунга хизмат қиляпти. Оилавий сайрлар руҳий қувват бўлади ахир!
Натижада касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, даволаш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўлами кундан кунга ортиб бормоқда. Академик Ёрқинжон Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида диабет касаллигига чалинган беморлар юқори малака билан даволанмоқда. Бундан ташқари, хасталикнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, диабетга чалиниш сонини имкон қадар камайтириш борасида ибратли ишлар қилиняпти.
— Қандли диабет сурункали касаллик. Уни вақтида аниқлаб даволаш шарт, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори в.б. Аъзамжон Исроилов. — Шу боис, барча шаҳар-туманлардаги патронаж ҳамшираларга ҳам эндокрин касалликлар, унинг аломатлари ва профилактикаси хусусида тушунча бериб келяпмиз. Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмаларида имкон даражасида хавф гуруҳидаги фуқаролар учун ўринлар ажратилган. Энг кўп учрайдиган 6 та нозология бўйича бемор йўналиши ишлаб чиқилди ва 1473 оилавий шифокор ва 1227 ҳамшира ўқитилди. Илгари 100 минг аҳолига 1 та эндиокринолог штати бор эди. Ҳозирги кунда бу миқдор 30 мингтани ташкил қилади.
Филиалдаги “Диабет мактаби”да хасталик билан оғриган беморларга илмий асосланган тавсиялар бериш, фойдали кўникмаларни ҳосил қилишига кўмаклашиляпти.
— Қандли диабет ошқозон ости бези фаолиятида бузилиш юз бериши, инсулин ишлаб чиқарилиши камайиши натижасида пайдо бўлади. Бунга, асосан, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик, ортиқча вазн ва ирсий мойиллик сабаб, — дейди “Диабет мактаби” бош йўриқчиси Маъмурахон Ёқубова. — Кўп ҳолларда касаллик аломатларига эътиборсизлик қиламиз. Беморлар парҳез сўзини эшитиши билан ўзини жуда мушкул вазифа олаётгандай сезади. Биз уларга ўзини ўзи назорат қилишни, соддароқ айтсак, “қандли диабет билан яшаш”ни ўргатамиз. Машғулотлардан тўғри хулоса чиқариб, кундалик ҳаётида соғлом турмуш тарзига амал қилиб, хасталикни енгаётганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Келгусида “Соғлом овқатланиш маркази” ташкил этишни режа қилганмиз. Бу ерда парҳез таомлар пиширилади, шунингдек, фитобар, фитнес хоналари фаолият юритади, мутахассислар маърузалари, давра суҳбатлари бўлади.
Ўқув машғулотлари давомида юқумсиз хасталикнинг келиб чиқишидан тортиб, асоратларга қарши муолажа тадбирлари, ҳаёт тарзини режалаштириш ва фойдали таомланиш усуллари ҳақида тушунчалар бериб борилади, оғир босқичларнинг олдини олиш бўйича кўникмалар ҳосил қилинади.
Буларнинг барчаси янги Ўзбекистон тиббиётининг бугунги қиёфаси қанчалик ўзгариб, халқчил бўлиб бораётганини кўрсатади. Яна бир муҳим жиҳат ҳақида айтмоқчиман. Юртимизда оғир хасталикка йўлиққан беморларни даволашда халқимиз Ўзбекистон ижтимоий давлат эканини юракдан ҳис этмоқда.
Мана битта ҳаётий мисол. Қува туманида яшовчи Мафтуна Аҳмедовада тугунли буқоқ қалқонсимон без ўсма касаллиги аниқланган. Касалликнинг зўрайиши натижасида бемор турли клиникаларда зарур тиббий текширувлардан ўтган. Аммо жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун оиланинг иқтисодий имконияти йўл бермагани боис, даволана олмаган. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали ҳузурида эндокринология бўйича махсус хирургия бўлими фаолияти йўлга қўйилган. Шу сабаб одамлар оғири енгил, узоғи яқин бўляпти.
— Касаллик ҳақида эшитиб, тушкунликка тушдим, — дейди Мафтуна. — Даволаниш учун хорижга бориш, жарроҳлик амалиёти учун катта маблағ талаб этиларди. Ўзимизда ҳам бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганини этишиб, ҳаётга умидим ортди. Бу ерда жарроҳлик учун катта маблағ шарт бўлмади. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Бошқалар қатори соғ-саломат ҳаёт кечиряпман.
Замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар учун йўналтирилаётган инвестиция ҳамда соҳадаги илмий салоҳиятнинг юксалиб бораётгани касалликларни эрта аниқлаш имконини бермоқда. Энг муҳими, беморлар ортиқча сарф-харажат қилмасдан, ўзлари яшаб турган ҳудудда сифатли даволаниб соғаяётгани кўплаб оилаларга ҳақиқий қувонч ва шодлик олиб кирмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири.