Дунё талабалари Фарғонада! Халқаро магистрлар ўқишни бошладилар

Маълумки, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Gulf Medical University олий таълим муассасаси ҳамкорлигида “Doctor of Medicine (Терапия)” йўналиши бўйича 4 йиллик магистратура қўшма таълим дастури йўлга қўйилган эди.

Куни кеча БААдан ташриф буюрган 12 нафар хорижлик магистрант талабалар институт жамоаси томонидан самимий кутиб олинди.

Мазкур қўшма дастур доирасида Ливан, Бразилия, Канада ва Қатар каби давлатлардан ҳам талабалар Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида таҳсил олиш учун келгани, олийгоҳимиз халқаро нуфузининг тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Хорижий талабалар “Юрак-қон томир тизими” модулини кардиореаниматолог Шоҳрух Ахмадалиев раҳбарлигида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида бошладилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан келишилган ҳолда тасдиқланган қабул квотасига мувофиқ, “Doctor of Medicine” мутахассислиги бўйича 2024–2025 ўқув йилидан Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 100 нафар бакалавр даражасига эга хорижий фуқароларни магистратура таълим дастурига қабул қилиш режалаштирилган.

Таълим жараёни илғор халқаро услублар асосида ташкил этилади:
1–2-босқичларда — Problem Based Learning,
3–4-босқичларда — Workplace-Based Learning технологиялари қўлланилади.

Энг муҳими, мазкур таълим дастури Буюк Британиянинг The Quality Assurance Agency for Higher Education (QAA) ташкилоти томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилади. Шунингдек, битирувчилар бутун дунёда тан олинадиган халқаро дипломга эга бўладилар.