Йил якунида ижобий натижаларни эътироф этиб, амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, келгуси муваффақиятларнинг муҳим омилидир. Шу мақсадда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиалида “Йил сарҳисоби” тадбири ўтказилди.
Сўзга чиққан филиал директори Баҳромжон Тошболтаев ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. У 2024 йил давомида тизимда жамоа саъй-ҳаракатлари билан бир қатор ижобий натижаларга эришилгани, беморларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада яхшилашга эришилганини таъкидлади ҳамда келгуси йилда амалга ошириш режасига киритилган вазифалар юзасидан тақдимот ўтказди.
Тадбирнинг яна бир эсда қоларли лаҳзалари жорий йилда ўзига юклатилган вазифаларни аъло даражада бажарган ва бу билан тизимда эришилган ютуқларга ўз ҳиссасини қўшган бир қатор тез тиббий ёрдам ходимлари марказнинг фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, «Йилнинг энг яхшилари» танловида иштирок этиб, ғолиб бўлган тез тиббий ёрдам станцияси ходимларига алоҳида совринлар топширилди. Унда Учкўприк туманидан Фарходжон Акрамов –“Йилнинг энг яхши шифокори”, Олтиариқ туманидан Роҳатой Сатторова –“Йилнинг энг яхши ҳамшираси”, Данғара тумани ходими Дилафрузхон Турғунова – “Йилнинг энг яхши диспетчери”, Ёзёвон туманидан Хавасхон Омонова – “Йилнинг энг яхши кичик тиббий ходими” ва Ўзбекистон тумани ходими Алматбой Мамадалиев – “Йилнинг энг яхши ҳайдовчиси” номинациялари билан муносиб эътироф этилди.
Марказ раҳбарияти томонидан бригада ҳамшираларининг хизмати ҳам эътибордан четда қолдирилмади. Мазкур қувончли кунга ташкилот Касаба уюшма қўмитаси ва Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси Фарғона вилоят бўлинмаси ҳамкорлик қилишди.