Қаламсиз тез ёрдам (Бўлган воқеа асосида)

Сўх туманида янги қурилган Тез тиббий ёрдам станциясининг очилиш маросими арафасида қизиқ воқеа рўй берди. Маросимга тайёргарлик қизғин, ҳамма ўз иши билан овора. Журналистлардан бирига тўсатдан шошилинч ёзув учун ручка керак бўлиб қолди. У атрофдагиларга қараб, “бирор ручка топилмасми?” деб сўради.

Бироқ ажабланарлиси шундаки — станцияда ўттизга яқин ходим ишласа-да, ҳеч кимда қалам йўқ эди. Ҳатто оддий қоғоз ҳам топилмади. Ҳамма бир-бирини қараб, илмий-техника тараққиётининг нақадар ўзгариш олиб келганига гувоҳ бўлди.

Бир қарашда, бу кулгили ҳолдек туюлади. Лекин аслида бу воқеа замонавий тез ёрдам хизматининг қай даражада рақамли технологияларга ўтганини яққол кўрсатиб турибди. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кун тиббиёт ходимларига қалам ҳам, қоғоз ҳам керак эмас. Улар фақат планшет орқали ишлайди.

Эндиликда ҳар бир чақириқ ягона Call-марказ орқали қабул қилинади. Автоматлаштирилган дастур орқали чақириқ энг яқин бўш турган бригада планшетига узатилади. Тез ёрдам ходими йўлдаёқ бемор ҳақида дастлабки маълумотни олади, кўрсатилган ёрдам ва қўлланилган дорилар эса электрон тиббий картага қайд қилинади.

photo_2023-08-30_14-11-18
photo_2023-08-30_14-11-19
photo_2023-08-30_14-11-23
photo_2023-08-30_14-11-57
photo_2023-08-30_14-11-31
photo_2023-08-30_14-11-52

Рақамли тизимнинг афзалликлари кўп. Ходимлар вақтни қоғоз тўлдиришга сарфламайди, беморга кўпроқ эътибор қаратади. Раҳбарият эса реал вақтда аниқ ҳисобот кўради. Энг муҳими, беморлар учун хизмат сифати сезиларли даражада яхшиланган.

Яна бир муҳим жиҳат — рақамлаштириш фақат тез ёрдам жараёнида эмас, балки бутун тизимда амалга оширилмоқда. Хужжатлар, кадрлар бўлими, ҳисобхона — барчаси босқичма-босқич электрон шаклга ўтмоқда.

Шунинг учун ҳам ўша кунги “қаламсиз ҳолат” журналист учун кулгили бўлиб кўринган бўлса-да, аслида у янги давр рамзи эди. Бу — қоғозбозлик замони ортида қолгани, тиббиёт хизматининг тўлиқ рақамлашгани ҳақида гўё бир кичик ишора эди.

Агар ишонмасангиз, 103 хизматига бир бор кириб кўринг. Бу ерда сиз қалам ёки қоғоз эмас, балки гаджетлар орқали ҳаёт асраётган замонавий тизимни кўрасиз.

А.Абдурахмонов,
РТТЁМФФ директори ўринбосари.