Бешариқда тиббиёт соҳаси рақамлаштирилмоқда

Бешариқ туманида тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва самарадорликни таъминлаш йўналишида қатор ишлар амалга оширилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар “90 кунлик ўзгаришлар” дастури доирасида амалга оширилаётгани эса соҳадаги имкониятларни янада кенгайтириб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг замонавий ва шаффоф тарзда йўлга қўйилишига туртки бўлди.

Бугунги кунда тумандаги 14 та тиббиёт муассасасида тиббий маълумотларни электрон шаклда юритиш, беморларни қабулга ёзиш ва ички иш жараёнларини автоматлаштириш имконияти яратилган. Барча муассасалар тўлиқ локал тармоқ билан таъминланди. Мазкур ишлар туман прокуратураси билан ҳамкорликда амалга оширилаётгани эса натижаларнинг сифатли ва барқарор бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 февралдаги Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида қатор вазифалар белгилаб берилган, — дейди туман прокурори ёрдамчиси Жавоҳир Ғанижонов. — Туманимизда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман прокуроратураси ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, туман кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳолини DMED тизими орқали шифокорлар қабулларига қулай ёзилишини таъминлаш мақсадида 4 та янги регистратура шохобчаси ташкил этилди. Шу доирада 4 та замонавий компьютер, 2 та кўп функцияли принтер, 6 та телевизор ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.

— Поликлиникада рўйхатхона ташкил этилди, янги компьютер ва принтерлар билан таъминланди. ДМЭД тизимига ўтганимиздан буён аҳоли учун катта қулайликлар яратилди. Сабаби, эндиликда улар уйларида туриб шифокор қабулига навбатга ёзилишлари мумкин ва белгиланган вақт келганда шу ерга келишмоқда. Натижада узун навбатлар пайдо бўлмаяпти, беморлар ҳам кутиб қолишмайди, — дейди туман КТМП мудири Васила Соибназарова. — Авваллари эса одамлар эрта тонгдан қабулга келишиб, соатлаб навбат кутишар, ўз қимматли вақтларини йўқотишар эди. Ҳозир эса турли лаборатор ташхислар ва мутахассис кўригига оид тавсиялар барчаси электрон тарзда тегишли жойларга юборилмоқда. Шу боис ташхисларни қайта топширишга ҳожат қолмаяпти. Юборилган маълумотлар асосида шифокор хулоса чиқаради. Беморлар ўзлари ҳам мобил илова орқали ташхис натижаларидан хабардор бўлиш имкониятига эга.

Натижада, 98 356 нафар фуқаро уйидан туриб электрон навбатга ёзилиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, аҳоли орасида DMED мобил иловасини қўл телефонларига ўрнатиш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича кенг тушунчалар берилди. Бугунги кунда туманда истиқомат қилаётган 247 200 нафар аҳолидан 247 171 нафари ўз ҳудуди бўйича электрон поликлиника дастури орқали тегишли муассасаларга бириктирилди.

— Авваллари шифокор қабулхонасига эрта тонгдан бориб, узун навбатларда соатлаб кутиб қолишга тўғри келарди, — дейди Садоқат Собирова.  — Бу эса вақтни ҳам, асабни ҳам олиб қўярди. Ҳозир эса уйдан туриб, телефон ёки компьютер орқали шифокор қабулига ёзилиш имконияти яратилди. Навбатда туриш йўқ, белгиланган вақтда шифокорнинг ўзи қабул қилади. Бу жуда катта қулайлик, айниқса биз, хонадон ишлари билан банд аёллар учун. Чунки вақт тежалади, болаларимизни, уй ишларимизни ҳам ортда қолдирмай, шифокор кўригидан ўтишимиз мумкин.

Шу билан бирга, бешариқлик тиббиёт ходимларининг ташаббуси ва фидойилиги сабабли “Ташаббусли бюджет” дастурининг иккинчи мавсумида ғалаба қозонилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан соҳага қўшимча 1,5 миллиард сўм йўналтирилиб, тиббиёт муассасаларининг техник жиҳозланиши ва рақамлаштириш жараёнлари янада такомиллаштирилади.