«Меҳр билан даволаймиз»

Одатда чегарадан ўтишнинг сабаблари кўп бўлади: бозор қилиш, қариндошларни йўқлаш ёки саёҳат… Аммо сўнгги йилларда яна бир йўналиш оммалашяпти — тиббий туризм!

Тожикистон фуқаролари учун Фарғона вилояти клиникалари, айниқса, чегара туманларидаги шифохоналар нафақат юқори малакали тиббий хизмат, балки қулайлик ва яқинлик билан ҳам аҳамиятлидир.

-2021 йилда шифокорларга мурожаат қилишга тўғри келди ва шу муносабат билан Ўзбекистонга бордим, – дейди хўжандлик журналист Мухайё Қодирова. – Шифокорлар менга ташхис қўйдилар. У ердаги мутахассислар жуда малакали экан. Шифохоналари эса замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Беморларга хизмат кўрсатиш олий даражада. Фақат ўз аҳолисига эмас, балки бошқа мамлакат фуқароларига ҳам муносабатлари илиқ. Шу кунгача биз ўзбекистонлик шифокорлар қабулида қатнашиб келаётганимиздан фахрланамиз.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 61 та даволаш муассасалари бўлса, мингга яқин хусусий клиникалар беморлар хизматида. Биргина Тожикистон республикасига чегарадош Бешариқ тумани тиббиёт муассаларининг ўзида 30 тадан ортиқ хусусий клиника фаолият юритмоқда. Бу ерда тиббиёт ҳам рақобатда!

Масалан, тумандаги «Ixlos Med Sentr». Фақатгина ўтган йили бу клиникага икки мингдан ортиқ тожикистонлик бемор мурожаат қилди. Сўнгги йилларда мазкур клиника катта ютуқларга эришди. Замонавий жиҳозлар, юқори малакали шифокорлар ва инсонпарвар хизмат – ҳаммаси беморлар учун яратилган. Шунингдек, клиника мутахассисларининг Хўжандлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиши икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамламоқда.

Қўшни қардош фуқароларни биз меҳр билан даволаймиз, – дейди «Ixlos Med Sentr» клиникаси раҳбари, олий тоифали шифокор Салоҳиддин Арслонбеков.Улар учун имтиёзлар мавжуд. Яъни, Ўзбекистон фуқаролари тиббий хизмат учун қанча тўласа, улар ҳам худди шу миқдорда тўлов қилади. Аслида эса нархи бироз қимматроқ бўлиши керак.

Фарғона клиникаларида замонавий ускуналар, тажрибали шифокорлар ва қулай сервис бирлашган. Беморлар шунинг учун ҳам бу ерда ўзини хавфсиз ҳис қилади. Қаранг, уларнинг кўнгли тўқ. Хизмат сифати ва шифокорларнинг меҳри уларни яна қайтиб келишига сабаб бўлмоқда.

Сўғд вилояти, Ашт туманиданман. Шифохонага келганимда юришга қийналардим, – дейди  бемор Феруза Комилова. -Жорий йил март ойида даволандим. Бу сафар иккинчи маротаба келишим. Худога шукур, энди яхшиман. Зиналардан бемалол чиқиб-тушяпман. Бу ерга Бешариқ туманига келин бўлиб тушган қайнисинглим тавсияси билан келганман. Барча шифокорларга миннатдорчилик билдираман.

Яна бир тожикистонлик бемор Икромиддин Нуриддинов беш йилдан бери бел чурраси хасталиги билан қийналиб юрганини, натижада оёғида ҳам оғриқ пайдо бўлганини гапириб берди. У эбу ерда ўн кун даволанибди. Барча тиббиёт ходимларининг самимий муомиласи ва эътиборини эътироф этмоқчи. «Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан» дейди у.

Ҳозир тиббий туризм Фарғона учун нафақат иқтисодий йўналиш, балки икки халқ ўртасидаги ишонч ва дўстлик кўпригига айланди. Саломатлик – энг катта бойлик! Фарғона клиникалари нафақат ўзимизни, балки қўшни Сўғд аҳолисини ҳам сиҳатга етакламоқда.

Чегара эмас — қўшничилик, дўстлик ва меҳр-оқибат бизга хизмат қилсин. Ахир, соғлиққа ҳам, инсонийликка ҳам чегара йўқ.