Фарғонанинг ҳуснбахш Қува туманида 1998 йилда дунёга келган Мухаммадмурод Анваров болалигидан билимга чанқоқ, изланувчан ва орзу-қадриятларга садоқатли йигит бўлиб улғайди. Ижод ва интилиш унинг ҳамроҳи, меҳнат ва изланиш эса ҳаётининг асосий қоидасига айланди.
Шу йили Андижон тиббиёт олийгоҳини “Даволаш иши” факультети бўйича муваффақиятли тамомлаган Мухаммадмурод бугун Қува туман 1-сон оилавий поликлиникасида умумий амалиёт врачи сифатида фаолият юритмоқда. У шифокорлик йўлини танлар экан, инсонларга ёрдам бериш, уларга саломатлик ва умид бахш этишни ўз олдига муқаддас мақсад қилиб қўйди.
Ёш бўлишига қарамай, Мухаммадмурод кўплаб илмий изланишлар ва тадқиқотлар билан шуғулланиб, устозлар ишончига муносиб бўлди. Яқинда у Самарқанд шаҳрида МДҲ миқёсида ўтказилган «Буюк мерос: Тарих, маданият ва миллий қадриятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида ташкил этилган илмий-амалий кўрик-танловда фаол иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Бу муваффақият унга “Scientific Academy” маркази томонидан «Ватан ифтихори» кўкрак нишонини тақдим этишга асос бўлди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро танловда ҳам у яна бир юксак эътирофга сазовор бўлди. “SCIENTIFIC PUBLICATION” маркази томонидан ташкил этилган мазкур танловда Анваров Мухаммадмурод «Юрт фахри» номинацияси ғолиби деб топилиб, эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мухаммадмурод ҳар бир муваффақият ортида меҳнат, сабр ва интизом ётишини яхши билади. У ҳар бир кунни мақсад ва режа билан бошлайди, ота-онаси ва устозлари ишончини оқлашга интилган ҳолда, шифокорлик йўлида фидойилик намоён этмоқда.
Унинг бу каби ютуқлари – нафaқaт шахсий ғалаба, балки юртимизда илм-маърифатга, шифокорлик касбига ва меҳнаткаш инсонларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиромнинг ёрқин ифодасидир.