Сабр ва садоқат тимсоли – ҳамшира Розияхон

Ҳар бир инсон ҳаётида ёрдам қўлини чўзадиган, кечаси-кундузи тинмай хизмат қиладиган, садоқат билан ишлайдиган инсоний қиёфалар учрайди. Қувасой шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Розияхон Маллабоева ана шундай жонкуяр, меҳнаткаш ва сабрли инсонлардан бири.

Унинг намунавий фаолияти сабаб ҳар йили болалар соғлиғини назорат қилиш учун Қувасой шаҳридаги «Водий гавҳари» болалар соғломлаштириш оромгоҳига юборилади. Бу ерда меҳнат осон эмас: ҳар мавсум 250–300 нафар бола дам олади, тиббиёт пунктида эса кечаю-кундузи чироқ ўчмайди. Бирининг қорни оғрийди, бирининг томоғи ёки боши. Ҳар бир бола учун вақт, эътибор ва меҳр зарур.

Оромгоҳда аввал ҳамширалар хизмат қилган бўлса-да, ишнинг оғирлигидан кўплари кетиб қолишган. Аммо Розияхон Маллабоева қийинчиликка мойил эмас, у сабр ва матонат билан ўз вазифасини шараф билан адо этди. Натижада беш мавсум мобайнида 1000 нафардан ортиқ бола тиббий кўрикдан ўтди, соғлиги мунтазам назорат қилинди.

Албатта, бу масъулиятли жараёнда Розияхон ёлғиз эмас. Педиатр-шифокор Гулбаҳор Дадабоева унинг устози ва ҳаммаслаги сифатида ҳам доим йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдамчи бўлиб келмоқда.

photo_2025-08-07_16-48-51
photo_2025-08-07_16-48-50
photo_2025-08-07_16-48-49
photo_2025-08-07_16-48-47
photo_2025-08-07_16-48-46

Шундай фидойи ҳамширалар бор экан, юртимизда соғлом авлод тарбиясига ишонч янада ортиб бораверади. Чунки болаларнинг ҳар бир соғлом қадами ва табассуми ортда Розияхон каби садоқатли инсонларнинг меҳнати туради.