Шифохона эмас, сиҳатгоҳ дейсиз…

Данғара туманида истиқомат қилаётган қарийб 180 минг нафар аҳолига 20 та муассаса, хусусан, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 8 та оилавий поликлиника, 11 та оилавий шифокор пункти сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Касалликларни эрта босқичда аниқлаш мақсадида биргина жорий йилнинг биринчи ярмида 60 минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича беморлар алоҳида гуруҳларга ажратилиб, соғломлаштириш режаси тузилди. Қувонарлиси, бу борада олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида 2024 йили ва жорий йилнинг ўтган даврида туманда ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ оналар ўлими қайд этилмади.

– Халқимизга сифатли ва малакали хизмат кўрсатиш, қулай муҳит яратиш доимий устувор вазифаларимиз сирасига киритилган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Анваржон Жуманов. – Шу мақсадда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида марказий шифохона ҳудудига 10 минг тупдан ортиқ атиргул экилган. Минг тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт парваришланмоқда. Марказий шифохона ҳудудида 300 га яқин замонавий ҳамда тежамкор, муқобил энергия манбаи бўлган ёритиш тизимлари ўрнатилди. Шинам ўриндиқлар билан жиҳозланган кутиш майдонлари ва санитария гигиена талабларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашга мўлжалланган махсус жойлар ташкил этилди. Шунингдек, ногиронлиги бор шахслар, ҳомиладор, ёш болали ва кекса беморлар учун шифохонанинг ҳар бир бўлимида алоҳида йўлаклар ҳамда пандуслар мавжуд.

“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури доирасида марказий шифо хонанинг туғруқ, умумий жарроҳлик, гинекология ва қабул бўлимлари замонавий мезонлар асосида таъмирланди. Ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш учун ҳар бир бўлимга йўналтирувчи махсус белгилар ўрнатилди.

Марказий шифохонанинг қабул бўлимида аниқ ва тезкор хизмат кўрсатувчи рўйхатга олиш фаолияти йўлга қўйилди. Айтиш жоиз, сўнгги йилларда туман тиббиёт бирлашмасида Республика илмий-амалий марказлари, ихтисослашган шифо масканлари билан фаол амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу илгари пойтахтда ёки хорижда бажарилган юқори технологик, мураккаб жарроҳлик амалиётларини шу ерда бажариш имконини бераётир.

Натижада нафақат вақт ва маблағ тежаляпти, балки ҳамюртларимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яхшиланяпти. Бу борада шифокорлар дунёнинг тараққий этган мамлакатларига малака оширишга жўнатилаётгани, илмий-амалий ҳамкорлик кўлами ортиб бораётгани ҳам эътиборга сазовор. Айни жараёнда Россия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда.