Иллюстратив сурат.
Зарифжон ва Нигорахон 12 йил фарзанд умиди билан яшашди. Уларга фарзанд асраб олиш ёки янги турмуш қуриш ҳақида маслаҳат берганлар ҳам бўлди. Аммо ёш оила яхши ниятда уролог-андролог Бахтиёржон Восижонов қабулга келишди, унинг маслаҳати ва ташхиси асосида даволанишди. Бугун эса уларнинг ширингача қизалоқлари бор.
Бахтиёржон яхши эслайди, ёшлик чоғида қишлоқларида шифокорлар етишмас, аҳоли бир неча километр йўл босиб, туман марказига боришга мажбур бўларди. У Олтиариқ туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқиб юрганида тиббиёт ходими бўлишдек масъулиятли касбни танлади. Шу ниятда Тошкент тиббиёт академиясини даволаш иши йўналиши бўйича тамомлади.
Дастлабки иш фаолияти даврида урология ва андрологияга қизиқиши ортиб борди. Тажрибали шифокорлар, профессор Шўҳрат Ғиясов ва Абдуқодир Фозилов ёш мутахассисни қўллаб-қувватладилар. Бахтиёржон 2023 йилда урология мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлади. Сўнгра Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида шифокор уролог-андролог сифатида иш бошлади.
Унга кўп йиллик тажрибага эга шифокорлар Давлатжон Абдуллаев ва Бобур Ҳайитматов устозлик қилмоқда.
Фарзанд — оила қувончи, мустаҳкам турмуш асосидир. Аммо айрим ҳолатларда бепуштлик кўплаб оилаларнинг дарз кетишига сабаб бўлмоқда. Шундай ҳолатларда шифокордан нажот излаб келадиган инсонларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, яхши кунларга умид уйғотиш шифокордан билим, маҳорат ва масъулият талаб этади.
– Беморларга хушмуомалада бўлиш, тўғри ташхис — биринчи даводир, – дейди Бахтиёржон. – Соғлом турмуш тарзи, мунтазам жисмоний тарбия — соғлигимиз омили. Соҳага доир адабиётларни, мақолаларни кўп ўқийман. Замонавий тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлиш учун ҳар куни электрон ресурсларга мурожаат қиламан.
Бахтиёржон Восижоновдан даво топган, ўғилли-қизли бўлган оилаларнинг қувончи, миннатдорчиликка тўла шукроналари унга куч-қувват, келажакка ишонч бахш этади.
– Биз Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолаверади, – дейди ёш шифокор.
М. Усмоналиева.