Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат тиббий хизмат сифатини ошириш, балки беморларга яратилган шароитларни яхшилашни ҳам ўз ичига олмоқда. Яқинда Сўх тумани марказий шифохонасининг болалар бўлими жорий таъмирдан чиқарилиб, болалар учун янада қулай ва маънавий жиҳатдан илиқ муҳит яратилди.
Таъмирлаш ишларига туман ҳокимлиги бош бўлди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбариятининг тавсия ва ҳомийлигида эса бўлим йўлаклари ва даволаш хоналари болаларнинг кайфиятини кўтариш, уларда умид ва шодлик ҳиссини уйғотиш мақсадида жозибадор ва ранг-баранг расмлар билан безатилди.
— Бу ташаббуснинг бош мақсади — шифохонада даволанаётган болаларни нафақат жисмоний, балки руҳий томондан ҳам қўллаб-қувватлаш, уларда соғломлик сари интилиш, ижобий руҳни шакллантириш, —дейди марказ бош шифокори Шаҳобиддин Қўчқоров. — Шу билан бирга, шифокорлар ва шифохона ходимлари учун ҳам бундай шароитда ишлаш анча қулай ва самарали бўлади.
Болалар учун яратилган бундай муҳит шифохонанинг маънавий қиёфасини ўзгартирибгина қолмай, уларнинг шифо топиш жараёнини ҳам тезлаштиради. Шу боис бу ташаббус нафақат Сўх туманида, балки барча ҳудудларда ҳам кенг йўлга қўйилиши кутилмоқда.