Эгнига оқ халат кийиб, номи ва шаънини худди либосидек покиза сақлайдиган ҳамшираларни тиббиётимизнинг суянчи ва таянчи, деб таърифлаш мумкин. Ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, жонини хатарга қўйиб, ўзгалар дардида елиб-югурадиган, беморларни нафақат дори-дармон, балки меҳр ва ширин сўз билан даволаётган бу шарафли касб эгаларининг машаққатли меҳнати таҳсинга сазовор.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ ҳамширалар «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида фарғоналик ўз касбининг фидойиси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиали ҳамшираси Гулзодахон Шарипова ҳам бор.
Мазкур муассасада ташкил этилган тадбирда шифохона бош врачи Отабек Каримов мукофотни ўз эгасига тантанали равишда топшириб, самимий қутлади.
“Ўзининг ёрқин истеъдоди, самарали фаолияти билан соҳани ривожлантириш йўлидаги хизматлари синган фидойи инсонлар меҳнати доим эътироф ва эътиборга муносиб”, – деди шифохона раҳбари.
Шунингдек, тадбирда ҳамширанинг устози, касбий фаолиятида доим кўмакчи шифохона бош ҳамшираси Муножатхон Раҳмоновага ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Унга эзгу тилаклар билдирилди.
Хабарингиз бор, ҳамшира Гулзодахон Шарипова “Ҳамшира-2024” танловининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этган эди.