Кўз нурини асраш йўлида

Қўқон шаҳридаги Ўрда майдонида ўтказилган соғломлаштириш тадбирида юзлаб фуқаролар сайёр тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлди. Тадбир давомида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалининг кўчма мобил офтальмологик клиникаси аҳолига бепул кўз кўригини ташкил этди.

Кўчма клиникада тажрибали офтальмологлар билан бир қаторда ҳамширалар ҳам беморларни қабул қилиш, дастлабки текширувларга тайёрлаш, тиббий ҳужжатларни юритиш ва кўрик жараёнини самарали ташкил этишда фаол иштирок этди. Улар ҳар бир фуқаронинг ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат олишига ҳисса қўшди.

Шундай фидойи тиббиёт ходимларидан бири — Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали ҳамшираси Наргиза Расуловадир.

Кўчма мобил клиника орқали аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштириш имкони яратилмоқда. Биз беморларни қабул қилиш, уларни кўрикка тайёрлаш ва шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, кўз саломатлигини асраш бўйича профилактик тавсиялар ҳам берамиз. Кўплаб инсонларда касалликларни эрта аниқлаш имконияти пайдо бўлаётгани эса бизнинг меҳнатимизга янада катта масъулият бағишлайди, — дейди у.

Бу каби сайёр тиббий тадбирлар аҳолига қулай шароитда малакали офтальмологик хизмат кўрсатиш, кўз касалликларини эрта аниқлаш ва фуқароларнинг ўз вақтида тиббий ёрдам олишига хизмат қилмоқда.