Исмигул Республика босқичига йўл олди

Фарғонада “Ҳамшира – 2026” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Танловнинг амалий босқичи 17 апрель куни Республика ўрта тиббиёт ва фармацевт ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Фарғона ҳудудий филиалида, назарий босқичи эса шу куни Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Фарғона филиалида ўтказилди.

Унда Фарғона вилояти шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, шунингдек, қатор ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидан жами 16 нафар ҳамшира иштирок этди.

Танлов якунларига кўра ғолиблар қуйидагича аниқланди:

  • 1-ўрин — Исмигул Хусанбоева (Учкўприк тумани, 58-сонли оилавий поликлиника патронаж дояси);
  • 2-ўрин — Шаҳло Каримова (вилоят онкология шифохонаси ҳамшираси);
  • 3-ўрин — Мохинахон Сойибназарова (Бешариқ тумани туғруқ бўлими ҳамшираси).

Танлов иштирокчилари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлинмаси томонидан эсталик совғалари билан тақдирланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги 158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциациясининг 2026 йил 3 февралдаги қўшма қарори асосида ташкил этилди.

Танловнинг асосий мақсади — ҳамширалар ўртасида стратегия мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, меҳнатда ютуқларга эришиб келаётган фидойи тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат.

——————-