Қува тумани тиббиёт тизими 2025 йилни янгича ислоҳотлар, янгича ёндашув ва янгича руҳ билан якунламоқда. Давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ, республикада 15 та туман ва шаҳарда пилот лойиҳа сифатида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилди. Қува тумани ушбу пилот туман сифатида танлаб олинди, бу эса туман тиббиётида янгича стандартларни жорий этишга йўл очди.
Ислоҳотлар доирасида туман соғлиқни сақлаш бўлими тизимида оилавий поликлиникалар фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Энди тиббий бригадаларнинг иш услуби янгиланди: битта бригада 3 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган тизим жорий этилди. Бу эса хизмат сифатини ошириш билан бирга, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари 2 бараварга ошишига ҳам замин яратди.
Ислоҳотлар натижаси рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан:
— юқори технологияли операциялар сони ўтган йилга нисбатан 10,2 фоизга,
— дори-дармон таъминоти ҳажми 34,6 фоизга,
— пуллик тиббий хизматлар кўрсатиш ҳажми эса 28,4 фоизга ошди.
Фарғона вилояти ҳокимининг қарорига асосан Қува туман кўп тармоқли марказий поликлиника марказий шифохонанинг маслаҳат-диагностика бўлинмасига айлантирилди. Мавжуд тиббий жиҳозлар эса янги ташкил этилган Марказлашган лаборатория бўлими ихтиёрига ўтказилди.
Бугунги кунда марказлашган лаборатория ва унинг филиаллари, 2 та туну-кун пост, 21 та таҳлил йиғиш хоналари фаолият юритмоқда. Тизимда 22 нафар фельдшер-лаборант, 5 та йўналиш бўйича хизматлар ҳамда логистика учун 3 та махсус жиҳозланган автомашина ажратилган.
Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимининг фармойишига асосан туман соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш учун 4,7 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, зарур компьютер жамланмалари ва техник қурилмалар тиббиёт муассасаларига ўрнатилди.
“Тиббиётда 90 кун” дастури доирасида эса Қува туманидаги тиббиёт муассасаларини таъмирлаш учун 13 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Қува туман соғлиқни сақлаш бўлими тизимида келгуси йил учун аниқ ва манзилли режалар белгиланган. Жумладан:
— ички касалликлар, болалар, қон қуйиш, лаборатория ва марказий стерилизация бўлимларини янги қурилаётган бинога кўчириш;
— болалар бўлимини 5 млрд сўм эвазига капитал таъмирлаб, 1-сон оилавий поликлиникани ушбу бинога жойлаштириш;
— аҳоли сонидан келиб чиқиб, 1-сон оилавий поликлиникани иккига бўлиш ва оилавий поликлиникалар сонини 22 тага етказиш;
— марказий шифохонанинг патологик анатомия биносини янгидан қуриш;
— рембурсация тизимини жорий этиш, тиббий хизматларни тўлиқ рақамлаштириш;
— 11- ва 4-сонли оилавий поликлиникалар бинолари қурилишини якунлаш.
Энг асосий мақсад — оналар ва гўдаклар ўлими ҳамда фуқаролар мурожаатларини 2 баробарга камайтириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини эса 2 баробарга оширишдан иборат. Шу билан бирга, коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориш ва ДТСЖ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Мазкур маълумотлар туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Равшан Исақов томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ўтказилинаётган “Истиқболли режалар” ҳисобот ҳафталигида тақдим этилди.