“Қалб меҳр чашмаси” — эзгулик ва инсонпарварлик маскани

Бу дунёда ҳар бир инсоннинг қўлидан келадиган энг катта яхшилик — бу бошқалар ҳаётига ёруғлик киритишдир. Жамиятимизда шундай инсонлар борки, уларнинг борлиги ҳаётни маъно билан тўлдиради. Ана шундай эзгу қалбли инсонлар орқали яхшилик, меҳр ва инсонпарварлик туйғулари жамиятга сингиб боради.

Шу каби гўзал ва соф туйғуларни ўз ҳаётида намоён этиб келаётган инсонлар орасида Тошлоқ туманида яшовчи тиббиёт ходими Хуршидахон Асқаровани алоҳида эътироф этиш жоиз.

Хуршидахон опа кўп йиллар давомида Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмасида акушер ҳамшира сифатида сидқи дилдан меҳнат қилиб келмоқда. Унинг соғлом авлодни вояга етказиш йўлидаги хизматлари, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги масъулияти ҳамда меҳрга бой муносабати жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган.

Бироқ бу фидоий аёлнинг орзуси фақат шифокорлик билан чекланмади. У қалбида одамларга яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш ва жамиятда меҳр муҳитини яратиш ниятини асраб келарди. Ана шу эзгу орзусини амалга ошириш мақсадида у яқинда, аниқроғи 2025 йил февраль ойида, Тошлоқ тумани “Навбаҳор” қишлоғида “Қалб меҳр чашмаси” номли ногиронлиги бўлган фуқароларни парваришлаш марказини ташкил этди.

Бу марказ ногиронлиги бўлган болалар ва катталар учун ғамхўрлик ва меҳр масканига айланди. Бу ерда тиббий кўрик ва реабилитация хизматлари билан бир қаторда ижтимоий мослашув, руҳий қўллаб-қувватлаш ва маданий машғулотлар йўлга қўйилган. Энг муҳими, бу ерда инсоннинг жисмоний имконияти эмас, балки қалбининг кучига ишонилади.

Ногиронлик — ҳаётдаги чеклов эмас, балки синовдир. Агар инсон атрофида меҳр ва ишонч бўлса, у ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта олади. Марказимизда ҳам ходимларимиз томонидан ногиронлиги бор фуқароларни соғлом ҳаётга қайтиш умидини ривожлантириш, орзуларига эришишлари учун бор меҳнат ва салоҳият ишга солинмоқда, — дейди Хуршидахон Асқарова.

Ҳақиқатан ҳам, Хуршидахон опанинг бу сўзлари ортида чуқур маъно, инсонпарварлик ва ишонч мужассам. Шу боис “Қалб меҳр чашмаси” маркази нафақат тиббий муассаса, балки қалбларни шод этувчи, умид бахш этувчи макон сифатида танилмоқда.

Мақоламиз қаҳрамони ва унинг аҳил жамоаси ҳар бир инсоннинг юзида табассум уйғотишни ўз бурчи деб билади. Марказдаги ҳар бир бола ва катта бу ерда ўзини қадрли, севимли ва керакли деб ҳис этади.

Марказимизда бугунги кунда 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор фуқаролар парваришланмоқда, — дейди Хуршидахон опа. — Уларга тиббий, психологик ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, 18 ёшдан катта беморларимизга ходимларимиз уйларига бориб, парвариш ишларини амалга оширмоқда. Уйга қатнов жараёнларида беморларга турли масажлар ва тиббий муолажалар кўрсатилади. Бу ҳаракатлар бесамар кетмаяпти: кўп юролмайдиган ёки инсултни бошидан кечирган фуқаролар ана шундай муолажалар сабаб ўрнидан туриб, юриб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Эндиликда марказимизда даволанаётган беморларни нафақат соғлом ҳаётга йўналтириш, балки турли ҳунарларни ўргатиш, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик салоҳиятларини оширишни ҳам режалаштирганмиз.

Инсоннинг бу ҳаётда қанча яшагани эмас, балки унинг амалга оширган эзгу ишлари ва савобли амаллари муҳимдир. Хуршидахон Асқарова ҳам ана шундай эзгу ва улуғвор ишлари билан ўз ҳудудида танилиб, жамиятда муносиб ўрнини топган. Унинг ташаббуси нафақат бир қишлоқ, балки бутун туман ва вилоят учун ибрат бўлди. У раҳбарлик қилаётган марказ кўплаб оилалар юзига қувонч, қалбларига умид нурларини олиб кирди. Бу эзгу иш эса меҳр ва фидойиликнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Фотима МАНСУРОВА,
журналист.