Анваржон Жуманов — «Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси»

Данғара тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анваржон Жуманов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг «Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Хўш, ушбу эътирофга қандай ишлар асос бўлди?

Аввало, тиббий хизматдан фойдаланувчи ҳар бир бемор ҳам истеъмолчи ҳисобланади. У кўрсатилаётган хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиш, унинг сифати ва хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда ҳимоя сўраш ҳуқуқига эга. Шу нуқтаи назардан, тиббиёт муассасалари билан Федерация ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти катта.

Федерациянинг Данғара туман жамияти билан ҳамкорликдаги ишлари 2025 йил давомида тумандаги бир қатор тиббиёт муассасаларини қамраб олди. Жумладан, Урганжи оилавий шифокорлик пункти, 107-оилавий поликлиника, туман Марказий поликлиникаси ва 30-оилавий поликлиникада тиббиёт ходимлари иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Уларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик, бемор ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, ҳуқуқ бузилган ҳолатларда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди. Тиббий хизмат кўрсатишда бемор манфаатларини инобатга олиш, ходимларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

photo_2026-11-06_16-33-47
photo_2026-11-06_16-33-45
photo_2026-11-06_16-33-46

Ҳамкорликнинг амалий кўринишларидан бири 107-оилавий поликлиникада Федерациянинг бошланғич ташкилоти — таянч гуруҳи ташкил этилгани бўлди. Бу орқали тиббиёт муассасаси ходимларини истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий ҳаракатга жалб этиш, жамоатчилик назоратидаги иштирокини кенгайтириш имконияти яратилди.

Урганжи оилавий шифокорлик пунктидаги учрашувларда эса Федерацияга келиб тушаётган мурожаатлар, уларни ўрганиш ва ҳал этиш натижалари мисоллар орқали тушунтирилди. Тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам турли хизматлардан фойдаланишда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини билиши зарурлигига урғу берилди.

Бу каби ҳамкорликнинг мазмуни биргина ҳуқуқий тарғибот билан чекланмайди. У тиббиёт муассасаларида беморлар манфаатларини ҳимоя қилишга эътиборни кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва фуқаролар мурожаатларига бефарқ бўлмасликка хизмат қилади.

Анваржон Жумановнинг «Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий шериклик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятининг эътирофи бўлди.