Озодахон учун янги ҳаёт бошланди

Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига Учкўприк туманидан келган 9 ёшли Озодахон Тўлқинжонова оғир ташхис билан ётқизилган эди. Унга “ўткир гемисинусит” деб ташхис қўйилди. Ваҳимали аҳвол: чап томонда орбита флегмонаси, бош мияда эпидурал абсцесс, пневмоцефалия асорати… Бир ҳафтадан буён иситмаси тушмас, оғриқлар уни тинч қўймасди.

Бу ҳолатни кўрган шифокорлар ҳам чуқур ўйга толди. Чунки бу каби мураккаб операция аввал ҳеч қачон бажарилмаганди. Аммо Баҳодир Қўчқоров — ЛОР бўлими мудири ва Абдумани Абдуолимов — нейрохирургия бўлими мудири бирлашиб, Озодахонни азобдан қутқаришга бел боғлашди.

Жасур қадам ташланди. Эндоскопик камера ёрдамида қизнинг бурун бўшлиғи орқали мия асос қисмига кирилиб, ундаги йиринг ва патологик ҳаво олиб ташланди. Бу нафақат тиббий, балки инсонпарварликнинг, жасоратнинг мисоли бўлди.

Операция муваффақиятли ўтди. Озодахоннинг кўзларида ҳаётга умид ёрқинлашди. Ҳаммаси ортда қолди.

Бу кун — қизнинг ҳаётида янги саҳифа очилди. Ва у саҳифада шифокорлар қахрамон сифатида абадий қолишди. Чунки ҳақиқий қахрамонлар эртакларда эмас, айнан ҳаётимизда — оддий шифокорлар қиёфасида яшайди.