Беғараз қон топшириш — ҳаётга умид бахш этувчи эзгу тадбир

Бешариқ тумани марказий шифохонасида “Мен донорман” шиори остида беғараз қон топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда юзлаб фидойи инсонлар ўз ихтиёри билан қон топшириш учун йиғилди. Улар орасида турли касб эгалари, ёшлар ва меҳрибон юртдошларимиз бор эди.

Шоира Тиллахўжаева, тадбир иштирокчиси:
— Собиртепа қишлоғидан келдим. Ўз ихтиёрим билан қон топширдим. Ташкилотчилар яхши кутиб олишди, шароитлари ҳам яхши экан. Барчага катта раҳмат айтаман, — дейди у самимият билан.

Шу куни вилоят қон қуйиш марказидан 8 нафар ходим ҳам иштирок этди. Уларни туман марказий шифохонаси ходимлари самимий кутиб олишди ва тадбирнинг юксак савияда ўтишига ҳисса қўшишди.

Шоира Тиллахўжаева

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, беғараз қон топшириш нафақат беморлар ҳаётини асраб қолади, балки донорнинг соғлиғи учун ҳам фойдали. Қон айланиши янгиланади, организмнинг иммунитети мустаҳкамланади.

Муҳими, тадбир ўтказишдан яна бир мақсад қон препаратлари захирасини яратишдан иборат бўлди. Бу эса шошилинч ҳолатларда беморларга тез ва самарали ёрдам кўрсатиш имконини янада оширади.

Шу куни 100 нафардан ортиқ фуқаро қон топшириб, эҳтиёжманд беморлар ҳаётига умид ва нафас бахш этди. Тиббиёт муассасаси раҳбарияти ва шифокорлар бу хайрли ишда иштирок этган барча фуқароларга миннатдорлик билдирди.

— Донор бўлиш — бу юксак инсонийлик ва жасорат намунаси. Бир инсон топширган қон кўп ҳолларда уч нафар бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин, — дейишди шифокорлар.