Боғдод туманида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган йирик спорт тадбири бўлиб ўтди. “Соғлом ҳаёт учун – 5000 қадам” шиори остида “Скандинавча юриш” марафони аҳоли учун ҳақиқий байрам кайфияти улашди.
Марказий ўйингоҳда турли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сонли Фармони ижроси йўлида амалга оширилди.
Эрталабки бадантарбия машғулотлари, завқли мусобақалар, айниқса, арқон тортиш беллашувлари иштирокчиларнинг кайфиятини кўтарди, уларни соғлом ҳаётга янада уйғотди.
Тадбирда Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг шаҳар ва туман бўлинмаси ходимлари ва тиббиёт мутахассислари қатнашди. Улар томонидан “Тўғри овқатланиш – соғлом ҳаёт гарови”, “Жисмоний фаоллик — куч-ғайрат манбаи”, “Доривор ўсимликлар неъматлари” мавзуларида қизиқарли ва ҳаётий маърузалар қилинди. Шу билан бирга иштирокчиларга мазмунли буклет ва эсламалар ҳам тарқатилди.
Эътиборлиси, эндиликда бундай спорт тадбирлари туманда ҳар сешанба куни барча маҳаллаларда анъанавий тарзда ташкил этилиб, аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир сўнггида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Фарғона вилоят бўлинмаси раҳбари Ойдиной Насритдинова тиббиёт ходимлари учун “Ортиқча вазндан халос бўламиз” ва “Спорт — чиройли қомат ва соғлом ҳаёт” мавзуларида амалий аҳамиятга эга семинар ўтказилди.