Ёшлар гиёҳвандликка қарши!

Юртимизда аҳоли ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан асраш ва уларни соғлом тарбиялаш масаласи доимий эътиборда. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, чекиш каби ёмон иллатларга қарши олиб борилаётган тарғибот ишлари турли кўринишларда амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Қувасой шаҳридаги “Водий гавҳари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида навбатдаги соғломлаштириш тадбири ўтказилди. Бу галги тадбир “Гиёҳвандлик – умр заволи” шиори остида ўтган расмлар кўрик-танлови ва спорт машғулотлари билан янада мазмунли бўлди.

Тадбирда Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Фарғона вилояти бўлинмаси мутахассислари ёшлар билан учрашиб, соғлом турмуш тарзи, зарарли одатларнинг оқибатлари ҳақида қизиқарли маърузалар ўқишди.

—  Ёшликда олинган билим ва ҳаётий қоидалар умрбод инсон йўлини белгилаб беради. Шунинг учун биз болаларга соғлом ҳаётнинг қадрини эрта англатишга ҳаракат қиламиз, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Фарғона вилоят бўлинмаси раҳбари Ойдиной Насритдинова.

Тадбир давомида оромгоҳ ходимлари ва болалар мусиқа садолари остида жисмоний машқлар ва ритмик гимнастикаларни бажаришди. Ҳавода қулоч ёйган қувонч, болаларнинг юзларидаги табассум тадбирнинг самарасини яққол кўрсатиб турди.

Танлов якунида энг чиройли ва сермазмун расм эгалари аниқланди.

01
04
02
06
05
03
07
08
011
010
09
012

— Мен расмимда гиёҳвандликка қарши курашаётган болаларни тасвирладим. Чунки биз кучли бўлсак, ёмон иллатлар биздан йироқ бўлади, — дейди ғолиблардан бири, 13 ёшли Муҳаммадсодиқ Домлаев.

Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар топширилди. Болажонлар учун бу фақат совға эмас, балки соғлом ҳаётга интилишнинг яна бир катта рағбати бўлди.

Тадбир ҳар бир қатнашчида бир фикрни янада мустаҳкамлади: соғлом ҳаёт — чинакам бахт ва келажакнинг асоси.