Бугун, Фарғона вилоятида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида муҳим тадбир ўтказилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Фарғона вилоят бўлинмаси ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» номли оммавий юриш марафонида мутасадди раҳбарлар, тиббиёт ходимлари ва фаол фуқаролар иштирок этди.
Тадбир Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройи боғи атрофида эрталабки юриш машғулотлари билан бошланди. Тоза ҳаво, ёруғ кайфият ва саломатликка олиб борувчи қадамлар — бу сафарнинг асосий тарғибот мавзуси бўлди.
— Мунтазам равишда пиёда юриш юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиради, ортиқча вазндан халос этишга ёрдам беради. Айниқса, субҳидамда юриш инсон организми учун фойдалидир, — деди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Фарғона вилоят бўлинмаси раҳбари Ойдиной Насритдинова. — Соғлик — инсон ҳаётининг энг муҳим омили. Шу боис ҳар куни оила аъзоларингиз билан пиёда сайр қилишни одат қилинг.
Тадбирда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ҳам фаол иштирок этди. Марказнинг бўлим мудири Авазбек Акбаров соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни таъкидлади:
— Сўнгги пайтларда тонгда пиёда юриш, бадантарбия машқларини одат қилган юртдошларимиз сони ортиб бормоқда. Бу тенденция жуда қувонарли. Биз ёшлар ўртасида ҳам тарғибот ишларини кучайтираяпмиз. Бу каби тадбирлар инсонларда соғлом ҳаётга бўлган қизиқишни оширмоқда.
Жисмоний тарбия ва пиёда юришни ҳаёт тарзига айлантириш инсон саломатлигини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этади. Бу оддий, бироқ самарали одат юрак-қон томир, нафас йўллари, мушак ва суяк тизими фаолиятини яхшилайди, ортиқча вазн, қандли диабет, гипертония каби касалликларнинг олдини олишда катта ёрдам беради.
Мутахассислар ҳар куни камида 30 дақиқа пиёда юришни тавсия қилишади. Бу нафақат жисмоний, балки руҳий барқарорликни ҳам таъминлайди, инсонда кайфиятни кўтаради, уйқу сифатини яхшилайди ва стресс даражасини пасайтиради.
Шу боис, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний машқларни оммалаштириш орқали умумий соғлик даражасини оширишга эришиш мумкин. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг онгли қатнашуви катта аҳамиятга эга.