Олтиариқ туманидаги “Оқ бўйра” оилавий шифокор пункти салкам 9 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳудудда катта ва кичик масофада жойлашган хонадонларга тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида бу ерда 4 та патронаж бригада фаолият юритмоқда.
Яқинда мазкур шифокор пунктида муҳим янгилик рўй берди — олтиариқлик тадбиркорлар ташаббуси билан патронаж ҳамширалар учун замонавий уч ғилдиракли электр скутер — “Электро-муравей” совға қилинди. Бу ҳадя нафақат иш самарадорлигини оширди, балки тиббиёт ходимларининг кундалик фаолиятини анча енгиллаштирди.
— Бу электр скутерни бригада ҳамшираларимиз жуда тез ўзлаштириб олишди, — дейди шифокор пункти мудири Муҳайё Тошпўлатова. — Ҳар куни ўзлари уни зарядлаб, техник ҳолатини назорат қилиб туришяпти. Энг муҳими — узоқ жойларга тезда ва осон етиб бориш имконияти яратилди. Шу ўринда ҳомийлар — Тилаволди Етмишов ва Акмалжон Тожиевларга чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз.
Бригада ҳамшираларидан бири Ферузахон Маҳмудованинг фикрлари эса бу янгиликнинг амалдаги самарасини яққол кўрсатади:
— Бошида озгина қийналдим, лекин ҳозир бу техника менга ҳақиқий ёрдамчига айланди. Илгарилари узоқ хонадонларга боргунча чарчардик. Ҳозир эса кўпроқ хонадонларга кириб, тезкор хизмат кўрсатишга улгуряпман. Бу скутердан мендан ташқари ҳамкасбларим — Муқаддасхон Баҳодирова, Манзурахон Эргашева ва Моҳирахон Қамбарова ҳам фойдаланишяпти.
Бундай тадбиркорлар ҳомийлиги билан амалга оширилган ташаббус нафақат «Оқ бўйра», балки бошқа ҳудудлар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин. Электр транспорт воситаларининг тиббий хизматдаги аҳамияти катта — у вақт тежайди, ходимларнинг соғлиғини асрайди, иш унумдорлигини оширади. Энг муҳими — техника асрида тиббиёт ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши керак!